
FAROHIY
"O'qisin" deb emas,
"His qilsin" deb yozamiz...
ҚУРЪОНГА ЧОРЛОВ
Эй ўғул, ўқигил ушбу хатимни,
Бежавоб қолдирма насиҳатимни.
Худо Каломиға эҳтиром айла,
Мажийдни ҳофизанг ичра авайла!
Уйингни ҳар бурчи каломга тўлсин,
“Бисмиллаҳ” дегину, фалаклар кулсин,
Унутма бу ишни, тарк этма ҳар он,
Осиб қўйиш учун келмаган Қуръон!
Қанча кўп ўқилса, титилса Китоб,
Худонинг олдида камаяр итоб.
Китобнинг янгиси зўр китоб эмас,
Қуръони янги уй файзли эмас.
Қадимда совчилар солишса оғиз,
Каломни текшириб, сўрарканлар қиз.
Уй учун саналмиш энг гўзал одоб –
Титилган жойнамоз, эскирган китоб...
Бахт қўйиб юбормас десанг қўлингни,
“Фотиҳа”ни ўқиб, очгил йўлингни.
Кейин “Бақара”дан хулосалар ол,
Қанча чуқур кетсак, кучаяр хаёл.
Сайр этмоқ бўлибсан, ўғлим, Қуръонга,
Меҳмон бўлиб кетгин “Оли Имрон”га.
Ҳикоятлар тинглаб Мусо, Ийсодан,
Ўзингга хитоблар топгил “Нисо”дан.
Ўқиб сан сураи Мужодалани,
Топурсан Аллоҳга қанча нолани.
Калом юрагига қани, йўл олсин,
Деб сени қаршилар сураи Ёсин.
Кутиб олган бўлса гўзал “Таборак”,
Ўғилчам, улуғ бахт бўлсин муборак!
“Ар-Роҳман”ни ўқи бўстонда яйраб,
Сенга жўр бўлғуси булбуллар сайраб.
Ўқийвер, нолангдан титрасин олам,
Айла шайтонларнинг рангини сомон.
“Мўминун”ни ўқи, ҳис қилиб, англаб,
Мўминлар аслига қайтсинлар тинглаб.
“Кофирун”ни ўқи, аҳдингни бергин,
Тўғри йўлдасан-ку, кўксингни кергин!
Худонинг динига ким кўтарса қўл,
Сураи Таббатдан кўрсатиб қўй йўл!
Амал қил, кирдингми қутлуғ қасрга,
Мувофиқ яшасанг, бас, “вал ъаср”га.
Ўқи “Фил” сурасин, бағрини тилсин –
Янги Абраҳалар охирин билсин!
Ул улуғ Воқеа бўлмасдан аввал,
“Воқеа” сурасин ўқигин жадал!
“Қория”ни ўқи, йиғласин олам,
Ўшал оғир Кунга тайёрлан, болам!
Ихлос ила ўқи “Ихлос” сурасин,
У сани маҳшарда йўқлаб сўрасин!
Топганда олсин у шафоатига,
Худо изни ила ҳимоятига.
“Ихлос” қиёматнинг ажиб сиридир,
Худо Каломининг учдан биридир.
“Иза жаа”ни ўқи ҳаловатолди,
Фатҳ кунлари ҳам яқинлаб қолди.
“Фалақ” зулматидан истагин паноҳ,
Яхшилаб ўқисанг, асрайди Аллоҳ!
“Ан-Нос”нинг маъниси “одамлар” эрур,
Алар ҳам юракка зарарлар берур.
Ушбу сура билан тугайди Қуръон,
“Садақаллоҳ” деб қўй ўқигач ҳар он.
Чунки бу одамнинг сўзлари эмас,
Ҳатто пайғамбар ҳам китобим демас.
Ибни Масуъд бунда сўзламиш ғоят:
“Дунёдан афзалдир ҳар қандай оят!”
Энди ўйлаб кўргин не ўқиганинг,
Миллионлаб дунёни ҳис қилган танинг...
Малаклар пойингда тўшарлар гилам,
Қуръон қарши олар шафоат билан.
Болам, бундоқ бахтни топа олмассан,
Гар қадрин англасанг, ёпа олмассан!
Тушуниб қолсанг гар Қуръон лаззатин,
Инкор этар эдинг дунё роҳатин.
Ман ўзим бу йўлда кула олмадим,
Қуръон хизматчиси бўла олмадим.
Болам, такрорлама хатоларимни,
Қабул қил бу холис нидоларимни.
Қуръонни олгин-да, кўзингни ёшла,
Боболаринг кутар... Тиловат бошла!
https://t.me/farohiy
Go’zal she’r va undanda go’zal ijro
😍
«Sening!»
Husayn Buxoriy ustozimizning qalamlariga mansub «Sening!» she'rini o’zlaridan, to'liq holatda tinglang va tafakkur qiling…
“Отамнинг ўрнига яшанг узоқроқ...”
Шеър ёзиш осонмас Она ҳақида,
Юрак қони билан ёзиш керакдир.
Луғатда топилмас недир тилакни
Илоҳий жумлада тузиш керакдир.
Шеър ёзиш осонмас Она ҳақида,
Фалакдан қандайдир келмаса ёрдам.
Онага осмондек суяниб қолар
Айниқса, отасиз қолганда одам.
Шеър ёзиш осонмас Она ҳақида,
Айниқса, пайғамбар ёшига етса.
Кўзлари нурида яшар ақида
Недир илоҳиёт қошига етса.
Шеър ёзиш осонмас Она ҳақида,
Топилмас юракда туйғу азоброқ.
Зўр базўр айтаман битта тилакни:
“Отамнинг ўрнига яшанг узоқроқ...”
Илтижо
Нечук шукронаким, не тоат этсам,
Сен берган қувватлар билан қилибман.
Оҳ, не куфронаким, не гуноҳ қилсам,
Сен берган неъматлар билан қилибман,
Аллоҳим, бағишла гуноҳларимни!
Бошқа банданг йўқдай севарсан қулинг,
Ўзга Рабби бордай исён қилар у,
Меҳр кўрсатарсан, чексиз қудратинг,
Ажзин унутганча туғён қилар у.
Аллоҳим, бағишла гуноҳларимни!
Хатоларим бисёр, ҳолим не бўлгай?
Қонимдан кеч десам, қоним Сенингдир,
Еросмон Сенингдир, молим не бўлгай?
Жоним берай десам, жоним Сенингдир.
Аллоҳим, бағишла гуноҳларимни!
Дунёда этмадинг хатоларим фош,
Бандалар олдида қилмай шармисор,
Ҳузурингда қандай кўтаргайман бош?!
Айбим ўзимга ҳам очма, ё Саттор!
Аллоҳим, бағишла гуноҳларимни!
Жанобинг олдида осийлик бўлгач,
Тоғлардан улкандир ҳар қандай хато,
Раҳматинг денгизи бироқ мавж ургач,
Бир хасча келмагай тоғдайин гуноҳ,
Аллоҳим, бағишла гуноҳларимни!
✍️
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
🌟
ЎЗГАЧАЛИК
Ўзимнинг йўлимга ундамаяпман,
Уқтирмаяпманку фалсафамни кўп.
Мени тушунмайсан, индамаяпман,
Сени тушунмасам, хафа бўлма, хўп?!
Сенинг ишинг менга хатодир, хато,
Кулгингга сабабчи мен тушунган ғам.
Йўлларимиз терсдир шу қадар, ҳатто
Кесишиб қолмайди рўёларда ҳам.
Пойингга тиллодан сочқи сочсалар,
Ишга тушмас ҳатто кўз қирим менинг.
Ўнгимда учраган соф мўжизалар
Ҳатто тушларингга кирмайди сенинг.
Буткул бўлак олам! Шунақамиз биз,
Таассуфки, дилда ўзгача ният:
Сен менинг бахтимни этолмассан ҳис,
Сенинг бахтинг менга саналар уят.
Ё РАСУЛУЛЛОҲ!
Оламни қоплаган даҳшатли зулмат,
Башарда ҳукмрон зулму жаҳолат,
Чунки узилганди Ҳақдан рисолат,
Энг сўнгги Расулга келганда муҳлат,
Вужудга келдингиз, ё Расулуллоҳ!
Ўзлигин унутган ҳазрати инсон,
Тошу ёғочларга бўлганда қурбон,
Ўз қизин тириклай кўмган бир замон,
Башар ўз-ўзидан безор бўлган он,
Дунёга индингиз, ё Расулуллоҳ!
Асрлардир йўқдир ерда Пайғамбар,
Дунёни талашар Кисро ва Қайсар,
Ҳижоз ҳам ёввойи ҳаётда яшар,
Дунё ўрмон эди, айтсам мухтасар,
Истарлар исмингиз, ё Расулуллоҳ!
Хурофот, ғафлатда араблар яна,
Абраҳа фил суриб келди-ку, ана,
Каъбадан қочдилар, истаб бош-пана,
Абобил қушлари келгани сана,
Таваллуд топдингиз, ё Расулуллоҳ!
Сиз ота бўйини туймадингиз ҳам,
Сиз она меҳрига тўймадингиз ҳам,
Мерос еб, мол-дунё уймадингиз ҳам,
Ўзни ожизликка йўймадингиз ҳам,
Сиз буюк эрдингиз, ё Расулуллоҳ!
Етимга, фақирга мушфиқ, меҳрибон,
Мазлумни ҳимоя қилгувчи қалқон,
Ҳақ учун, ислоҳчун турдингиз ҳамон,
«Муҳаммад Амин» деб олдингиз унвон,
Халқ эрди дўстингиз, ё Расулуллоҳ!
Кунлар ўтди, ойлар, ўтди саналар,
Ёшингиз қирқ ёшга бўлгач баробар,
Сиз таҳаннус билан машғул саросар,
Ваҳий олар бўлди сўнгги Пайғамбар,
Бехабар бундан Сиз, ё Расулуллоҳ!
Сизга Ҳиро паноҳ бўлган ҳолати,
Қучди сизни Жибрил руҳонияти,
Энг сўнгги Китобнинг энг илк ояти,
«Ўқи!» дер, босарди зўр маҳобати,
Бас, Набий бўлдингиз, ё Расулуллоҳ!
Мушриклар азоблар бердилар сабил,
Тоифни ағдарай деди Жаброил,
Дедингиз: «Билмаслар не ҳақ, не ботил»,
Қотиллар жонига бўлдингиз кафил,
Ҳаққа жон бердингиз, ё Расулуллоҳ!
Ватандан ҳижрат ҳам қилдингиз, ҳайҳот!
Муҳожир, ансорлар икки зўр қанот,
Ҳақ динни ёйдилар токи бор ҳаёт,
Ҳаётдан афзалроқ кўрдилар мамот,
Сиз ўрнак бўлдингиз, ё Расулуллоҳ!
Жангларни кечдингиз роҳатни қийиб,
Ҳақиқат қуролу зирхларин кийиб,
Башарнинг саодат ғамини ейиб,
Жаннат неъматларин чайнасин дейиб,
Синди тишларингиз, ё Расулуллоҳ!
Башарга ўргатиб, не ботил, не ҳақ,
Борлиқнинг ҳақ-бурчин бердингиз сабақ,
Қилдингиз инсонни комили мутлақ,
Оламларга раҳмат бўлганингиз ҳақ,
Борлиқ йўқ Сизингсиз, ё Расулуллоҳ!
Ким Сизга эргашса, ҳидоят топди,
Суннатни тарк этган залолат топди,
Ҳақлигингизга ақл далолат топди,
Руҳ тиниб, кўнгиллар ҳаловат топди,
Сиз нажот эрурсиз, ё Расулуллоҳ!
Истади ким сизни қилмоқ истеҳзо,
Дунёю уқбода бўлажак расво,
Шаънида ўқилгай, бас, «Таббат ядо»,
Сизнинг шанингизда Шарҳу Ваззуҳо,
Абадий ғолибсиз, ё Расулуллоҳ!
Ниҳоят, тикланди одил жамият,
Ҳақ-бурчин билгучи давлат, раият,
Ўхшашин кўрмаган ҳам инсоният,
Бу хаёл эмасдир, шаксиз ҳақиқат,
Етилди ишингиз, ё Расулуллоҳ!
Дунёву-охират – тан-руҳ қовушди,
«Алявма акмалту» ояти тушди,
Рафиқул-аълога руҳингиз учди,
Аллоҳнинг раҳмати, бас, сизни қучди,
Бизни тарк этдингиз, ё Расулуллоҳ!
Бизга қолдирдингиз Қуръону суннат,
Алвидо, нубувват, сўнгги рисолат,
Алвидо, то дийдор – рўзи қиёмат,
Бизларни маҳшарда қилинг шафоат,
Биз ҳам умматингиз, ё Расулуллоҳ!
25/04/2011. 21/05/1432
🖋
Ҳусайн Бухорий