
Xayrulla HAMIDOV ijodi /official
ХУТБА
Болам, эшит, бу қалб хутбаси,
Куйма асло хавотирларда.
Бежизгамас - мардлар рутбаси
Улуғланар асотирларда.
Мард бўл, болам, мадрликда гап кўп,
Ҳал этиб ол умринг бошида.
Ғарибларнинг остонасин ўп,
Лек мағрур тур кибор қошида!
Номардлардан замин ҳам безор,
Самодаку, суймаслар мутлоқ.
Умр оздир, топ шундай шиор:
“Фақат мардлар сафида ўтмоқ!”
Номардга қўл чўзмагин, болам,
Йўқ аларнинг ҳеч тутуриғи.
Эртакларнинг елкасида ҳам
Борар фақат мардлар гуруҳи.
... Йўл бошида турибсан, болам,
Қанот бўлсин бобомнинг нақли:
“Ёзиб қолдир қонларинг билан –
ФАҚАТ МАРДЛАР ЯШАШГА ҲАҚЛИ!”
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
КЕСИШИШ
Хаёлларим энди унутган лаҳза,
Тушларим ҳам этмай қўйганда таъқиб,
Ҳаммасини яна эслатиб ларза --
Кўзгудан нурланиб келдинг-ку чиқиб.
Дардларим барглари хазон тўкилди,
Пойида сарғариб турган мен йўқсил.
Тақдирнинг бир гапи бордир шекилли,
Учраштираверар сен гулни нуқул.
Орзулар бу палла бутунлай маҳол,
Келажакка кўчган бир хотирасан.
Йўллари кесишган, аммо бемаҳал,
Бахтсиз бахтлилармиз, ўйлаб қарасам.
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
МАШРАБОНА
Кўзларим тушди нигоҳларингга,
Оловдан чўғли дудоғларингга!
Дард қўшин тузди енгмоққа мани,
Ўтсам рози бўл паноҳларингга!
Эшик олдида турибман йиллаб,
Киргиз маниям даргоҳларингга!
Зулфингда ўйнаб айтардим қўшиқ,
Айланиб қолсам тароғларингга...
Узук бўлсайдим, бир лаҳзагина
Сингиб кетардим бармоқларингга!
Кўзингдаги ёш бўлсайдим бир зум,
Тўймай оқардим яноқларингга.
Ошиғинг арзин тинглаб, вожиб эт,
Арзимаса ҳам тирноқларингга!
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
Чўлпон Пушкиннинг «Гул ва булбул» шеърини ўзбекчага ағдарган. Бу шеър Пушкиннинг шарқ шеърияти таъсирида яратган туркумига киради. Таржимоннинг маҳорати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлмоғимиз учун аслини ҳам, таржимани ҳам тўла келтирамиз:
В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,
Поет над розою восточный соловей.
Но роза милая не чувствует, не внемлет,
И под влюбленный гимн колеблется и дремлет.
Не так ли ти поешь для хладной красоты?
Опомнись, о поэт, к чему стремишься ты?
Она не слушает, не чувствует поэта:
Глядишь, она цветет, взываешь — нет ответа.
Чўлпон шеърни бундай таржима қилган:
Баҳор чоғида холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, «гулим, раҳм айлагил» дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.
Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан, тингламас бир дам,
Қўй энди, беҳуда дод этма оҳинг унга етмайди,
Қарайсан — яшнаган бир гул, фақат овоза бермайди.
Албатта, ўзбекчаси чиройлироқ. Аслидан. Чўлпон ана шунақа шоир бўлган.
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
САНИНГСИЗ
Сукунат қўйнида нураяпман жим,
Во дариғ, бу ғамга юрак кўникмас.
Сенингсиз умримни сўрайсан нечун,
Ҳолимнинг баёни эшитгуликмас:
Капалак қонидан симирсам тўйиб,
Қизғалдоқни ўтин ўрнида ёрсам.
Қовжироқ ялпизнинг илдизини еб,
Соғинч дарахтидан марварид қоқсам.
Кўнглимни ағдарар майин елвизак,
Сирпанчиқ туюлар бахтнинг йўллари.
Баҳорги ям-яшил сарғайган кузак
Умримнинг санингсиз кечган йиллари.
Саробат манзили кўринар тиниқ –
Фақир орзуларнинг синган шўъласи.
Наҳот шу кетишда ўтамиз ёниб,
Бизга насиб этмай севги жумласи???
Санингсиз шу қадар аянчли турмуш,
Гўё этилганман умримдан сургун.
Осмонда бўлсанг гар, кел, заминга туш,
Ерда бўлсанг агар кўриниш бергин!.
📚
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
Абдулазизга...
Талабалик даври... Дарслардан тониб,
Ёшликнинг еттинчи осмонларида,
Тўплар тепганимиз ёдимда ёниб,
Тошдунинг бетонли майдонларида...
Сўнг ҳаёт ирғитди ҳаммани ҳар ёқ,
Изиллаб йўл олдик қайга чорласа.
Шукрона йўлладик туширса таёқ,
Биз ўзи арзиймиз, дедик хорласа.
Кўксимизда турди қўлимиз доим,
Ҳижронлар охири мағлуб бўлдилар.
Энг қайсар касларга боқдик мулойим,
Улар-да бизларни ғолиб билдилар.
Йиқилсак, жимгина қўзғалдик яна,
Кўзга чўп суққанда моҳир шайтонлар,
Бизни танлайверди нуқул тантана...
Бизни пишитганди ўша майдонлар!!!
📚
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
Севдик. Оламларни қизартдик гулга,
Қузғунлар кўзига чўп суқдик, тамом.
Пойимизда ғариб орзулар улкан...
Соҳирдил нигоҳлар шошди биз томон.
Севдик. Юлдузларнинг кўзида ҳайрат,
Ойнинг доғларига гўзаллик кирди:
Сувратлар тусига айланди сийрат,
Фуқаролик тутди муҳаббат юрти.
Севдик. Зағизғонлар ўқиди достон,
Андалиб тилида илоҳий оят.
Марваридлар учди. Ҳур гавҳаристон
Сакийнат дайрига етмиш ниҳоят.
Севдик. Терс югурди мелодий сана,
Дардлар шакарлашди энг тоза болдек.
Юрак уриб кетди қайтадан яна,
Бирдани одамга айландик – қолдик.
Севдик... ва демакки туғилдик чиндан,
Зотан, орзулар-да бизни демасди.
Самога бўйладик кўҳна заминдан...
Бошқача бўлиши мумкин эмасди!
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
СЕН БИЛМАЙСАН
Сен билмайсан, билмайсан сира,
Яхшилик қай ўринда ётар.
Сен билмайсан, чиранма сира,
Қай томонга иқболинг ботар.
Сен билмайсан, осмон қаерда,
Ер унинг қай кўксида ухлар.
Сен билмайсан, сен юрган ерда
Кимдир сендан баттарроқ йиғлар.
Сен билмайсан, хоҳишларинг кўп,
Чанг солади бир кун изингга.
Сен билмайсан, қўлингдаги чўп
Кириб кетар балки кўзингга...
Сен билмайсан Холиқ қадарин,
Ёмони не, қайда яхшиси.
Неки келса бошингга, барин
Яхшилик деб ўйла яхшиси!
Сен билмайсан, билмайсан буткул...
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
БУЮКЛИК ҲОЛИ
Мен тоғларнинг ёнига бордим,
Жилмаярди пурвиқор тоғлар.
Пойида шўр дилимни ёрдим,
Титраб кетди чиройли боғлар.
Дардларимдан ўксинди замин,
Босиб кетди ҳаммаёқни ўй.
Тоғлар охир чўк тушиб айди:
«Бизни яна парчалама, қўй!»
Дарҳол жимдим. Тўхтадим мутлоқ,
Бу ҳол дилга малол келаркан --
Хор бўлмасин экан буюклик,
Чўк тушса тоғ хунук бўларкан.
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot