
Hikoyalar (G&M)
– Ўчир овозингни, итвачча! Ҳозир деразадан улоқтириб юбораман. Ҳаммаларинг қўшилиб қўшмозор бўлларинг!
Очилнинг юраги яна санчди. Негадир ўтган умрини ўйлади. Очил болалигидаёқ отаси ўлиб кетган, ўнинчи синфга ўтганида онаси қазо қилган эди. Очил опасининг қўлида қолди. Аммо институтга кириши билан ҳеч кимга оғирлигини туширмаслик учун ўз аравасини ўзи тортишга ҳаракат қилди. Ёзги таътил пайтларида юк ташиди, қурилишга кириб ишлади. Пахтага борганида ҳаммадан кўпроқ териб, пул топди. Болалар касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган Лола билан танишганида, бу қиз ўзининг ҳамма ташвишларига шерик бўлишига ишонган эди.
«Одам шунақа қилиб қариса керак-да», – деб ўйлади у ёнбошига ағдарилиб. Бир вақтлар у аллақайси журналда қайсидир профессорнинг мақоласини ўқиган эди. Ҳозир кимлиги аниқ ёдида йўқ. Лекин унинг айтган фикрлари хотирасида маҳкам ўрнашиб қолган. «Бизнинг замонамизда асаб касалликлари кўпайиб кетяпти. Баъзилар ҳаёт суръатининг тезлиги, бошқалар шовқин-сурон кўплиги туфайли шунақа бўляпти, деб айтишади. Лекин одамларнинг асаби кўчада эмас, уйда, эр-хотин ўртасидаги жанжаллардан кўпроқ бузилади». Очил профессорнинг шу сўзларини яна эслади-ю Лоладан тағин кўнгли оғриди. Наҳот, куни кеча бир-бирини еру кўкка ишонмаган одамлар бугун бир-бирига чоҳ қазиса? Шусиз ҳам одам узоқ яшамайди-ку. Бир-бирини тушуниб, ўйнаб-кулиб яшаса бўлмайдими? Падарига лаънат пулниям, латта-путтаниям!
Очил ўйлай-ўйлай ухлаб қолди. Қизиқ, тушида ўлиб қолганмиш. Шунда ҳам юраги санчаётганмиш. Аллақандай нотаниш бир эркак Умидни кўтариб олганмиш. Умид Очилга талпиниб ҳадеб йиғлармиш. Лола бўлса бир чеккада туриб, ҳиринг-ҳиринг кулармиш...
Очил ланж бўлиб уйғонди. Унинг кўзлари ачишар, томоғига бир нима тиқилиб турганга ўхшарди. Девордаги соатга қаради-ю, сапчиб туриб кетди. Саккиз бўлай деб қопти.
«Оббо, кеч қоламан шекилли» деб ўйлади у апил-тапил ювинаркан. Лола ҳамон ўртада чўзилиб ётарди. Хотинининг бошигача бурканиб ётишидан, Умидни ҳам кўрпага буркаб олганидан, Очил унинг уйғоқлигини, атайлаб шундай қилаётганини билди. Кечаги гап-сўзлар яна бир бошдан тасаввурида жонланди, кўнгли тағин ғаш тортди.
У ошхонага кириб қозон қопқоғини кўтарди. Нон қовурдоқ димланиб қолган бўлса керак, қопқоқнинг остига сув томчилари йиғилиб қолган эди. Бир томчи сув помидор аралаш нон устига томди. Очил бир бўлак нонни оғзига солди. Қорни очгани учунми, нордон таъмданми, жағлари зирқираб кетди. Чой қайнатиб, бир-икки пиёлани апил-тапил ичди-ю, кўчага отилди.
Ишхонага келиши билан кечаги мажлис тафсилотларини эслади.
«Ишни пилорамадан бошлаш керак, – деб ўйлади темир дарвозадан кириб келаркан. – Ҳамма иш шулардан бошланади. Шулар ишни пухта қилса, у ёғи кетаверади».
У тахта тиладиган участкага келганида иш қизиб кетган, электр арралар шовқини қулоқни қоматга келтирар, қипиқ чанги ҳавони тўлдириб юборган эди. Бир лаҳзада Очилнинг боши ғовлаб кетди. Яна юраги санча бошлади. Томоғига бир нарса тиқилиб қолгандек бўлаверди. У гандираклаб гоҳ у, гоҳ бу ишчининг олдига борар, аррадан тилиниб чиқаётган тахталарни ушлаб кўрар, аммо нима қилаётганини ўзи яхши билмас, боши ғувиллар эди. Кейин нима бўлганини ўзи ҳам англай олмай қолди. Электр аррага жуда яқин келиб қолганини, биров чап қўлини юлқиб олгандай бўлганини билиб қолди. У даҳшат ичида ўзини орқага ташлади. Қизиқ, ҳеч қанақа оғриқ сезмади. Кўзидан ўт чақнаб кетди-ю, негадир кўнгли айниб, ҳаммаёқни зулмат қоплади.
«Тез ёрдам» машинаси фарёд солиб Очилни касалхонага олиб кетди. Уни операцияга олиб кириб кетишганида машинада бирга келган Ҳайдар ака эшик олдида мўлтираб қолди.
– Фалокатни қаранг, синглим, – дерди у олдидан ўтиб турган ҳамшираларга йиғламсираб. – Шундоқ Очилбойнинг қўлини арра обкетди-я! Қандоқ йигит эди-я! Фалокат қош билан қовоқ ўртасида тураркан-да, а?!
Ҳамшираларнинг бири индамай елка қисиб ўтар, бошқаси худди Очилни танигандек Ҳайдар акага ҳамдардлик билдирарди.
– Тасодиф-да, амаки, тасодиф.
Ҳайдар ака алам билан бош чайқарди.
– Хотинига нима деб жавоб берамиз энди! Гулдай эри шундоқ бўлиб ўтирса қандоқ чидайди?!
Заводдагилар ҳам шуни ўйлаб, ич-этини ер эди...
Бу совуқ хабарни Лолага етказиш учун минг андиша билан борган одамлар уни уйидан топиша олмади. Қўшниларнинг айтишига қараганда «модалар уйи»да ишлайдиган дугонасининг олдига «зарил» иш билан кетган экан...
Oʼtkir Hoshimov
ТАСОДИФ
«Тасодиф ҳақиқатнинг
акс-садосидир»
К. Станиславский
Мажлисда Очилни роса «дўппослашди». Уларнинг корхонасидан чиқаётган эшик-ромлар икки тийинга қиммат эмиш. Яқинда тафтиш комиссияси назоратчилари шуни аниқлабди. Очил Худойқулов муҳандис бўлатуриб шунақа аҳволга бармоқ орасидан қараётган эмиш. Бунақа тепса тебранмас бошлиқни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмас эмиш.
Йиғилиш охирида Очил сўз олди:
– Эшиклар икки пулга қимматлигини ўзим ҳам биламан, – деди босиқ оҳангда гапиришга уриниб. – Тахта қуритадиган жиҳозлар йигирма йил аввал ишга тушган. Ўшандан бери ишлаб чиқариш ҳажми ўн марта ошди. Қуритиш жиҳозлари ҳамон ўша-ўша, алмисоқдан қолган. Уларни янгилаш учун катта маблағ керак! Уни мен чўнтагимдан олмайман!
Юқорида ўтирган ҳайъат раиси — жингалак соч йигит луқма ташлади:
– Менга қаранг, Худойқулов, ростини айтинг, ўзингиз шунақа сифатсиз эшик-ромни уйингизга ишлатармидингиз?
Очил энди оғиз жуфтлаган эди, жингалак соч вакил гапиртирмади.
– Кўрдингизми, ўзингизга раво кўрмаган нарсани бошқаларга раво кўряпсиз.
Мажлисдан Очилнинг таъби тирриқ бўлиб чиқди. Карнайгуллар очилиб ётган доирасимон гулзорни четлаб ўтди-да, ёнига сурилиб очиладиган темир дарвоза олдига келди. Энди қоровулхонадан ўтиб кетмоқчи эди, орқадан овоз келди:
– Майлисларингам жа чўзилди-да, Очилбой!
Очил бурилиб қаради-ю, ўзи томон лўмбиллаб келаётган бош дурадгор Ҳайдар акани кўрди. Уни кўриши билан бугун ошга бориши кераклиги, толзордаги чойхонага ош буюриб қўйишганини эслади. Цехдагилар Ҳайдар семиз деб чақирадиган, улфат деса жонини берадиган мана шу киши ҳар маош олишганда пул йиғиб, ош ташкил қилар эди.
– Кетдикми? – деди у иссиқдан терлаб кетган йўғон бўйнини каттакон, кир рўмолчаси билан артаркан. – Болалар кутиб қолди, соат еттига деганмиз.
Очил темир дарвоза тепасидаги думалоқ соатга қараб қўйди: еттидан ўн дақиқа ўтибди.
– Энди менга узр, – деди чайналиб.
– Ҳа, энди испарапка ёзиб берармиз...
Очил Ҳайдар аканинг «хотинингдан қўрқасанми» деган маънода гапирганини билиб, ғаши келди.
– Иш чиқиб қолди, – деди қовоғини солиб. Ҳайдар аканинг жавобини ҳам кутмай, дарвозахонадан тез ўтди-да, троллейбус бекатига йўл олди.
Аксига олиб, троллейбус ҳам тиқилиб келди. Очил амаллаб чиқиб олди-да, ўртароққа сурилди. Иссиқ кунда тиқилинчда юришдан ортиқ азоб йўқ. Бир зумда бўғилиб кетди. Аллақайси муюлишда троллейбуснинг ёйи чиқиб кетди-ю, қалқиб тўхтади. Ҳамма бир-бирига урилди. Очил олдида турган хотинни қаттиқроқ туртиб юборди шекилли, хотин нафрат билан вишиллади:
– Кўзингга қарасанг ўласанми, ҳўкиздай йигит!
Очил минғиллаб кечирим сўради. Анчадан кейин троллейбус яна силкиниб йўлга тушди. Яна ўша тиқилинч азоби бошланди.
У бекатга келиб тушганида сув бўлиб кетганди. Кўйлагининг ёқасини ечиб, елпинди. Юраги санчди. «Зиёни йўқ, – деб ўйлади у уйи томон юраркан, – ҳозир муздай душга тушсам ўтиб кетади». Узоқдан Лолани кўриб қадамини тезлатди. Хотини йўлак олдида қўшни аёллар билан гаплашиб турар, енгил гулдор халат кийиб олган, бошини ювган бўлса керак, сочи елкасига тушиб ёйилиб ётарди. «Нега шу аҳволда кўчага чиқибди», деб ўйлади Очил яқин келиб.
Очилга кўзи тушиб, Лола гапидан тўхтади.
– Умид қани? – сўради Очил зинадан чиқиб борар экан. У талпинчоқ бўлиб қолган ўғилчасини бир кундаёқ соғиниб қолар, ишдан келиши билан уни кўтариб ўйнатар, шу билан бутун ҳордиғи чиқиб кетарди.
– Ухлаб ётибди, – деди Лола қовоғини солиб. Негадир бирдан унинг руҳи тушиб кетди. – Ойлик олдингизми? – сўради у эшикни очиб киришлари билан.
Очил индамасдан бугун олган маошини узатди. Лола пулларни худди вазнини ўлчаб кўрмоқчи бўлгандек бир зум кафтида ушлаб турди-да, зарда билан столга улоқтирди.
– Савил! Шуям пулми? – Майда-йирик аралаш пуллар дастурхон устида сирпаниб ҳар ёққа сочилди. – Номингиз улуғ, супрангиз қуруқ!
– Хўш, мен нима қилай? – деди Очил бўғилиб.
– Мен-чи, мен нима қилай? – Лола кескин бурилиб қаради. Мен ҳам одамман, мен ҳам аёлман! Бошқаларга ўхшаб яшагим келади! Моднийроқ костюмчик кийгим келади!
Тўғри, уйланмасдан илгари ҳам учрашувларга борганида Лола иложи борича ҳар сафар янги кийим кийиб келишга ҳаракат қиларди. Очил бунга чандон эътибор бермасди. Лоланинг бундай ясан-тусанлари ота-онасига қанчалик қимматга тушганини билмаган экан. Қизиқ, хотини шунақа нарсаларни топадики, уларни айтишга Очилнинг тили ҳам келишмайди. У Ҳайдар аканинг бояги гапини эслади. Асли ошга бора қолса бўларкан. Шунча гап-сўз йўқ эди. «Ростданам хотиннинг измидан чиқмайдиган бўпқопман, – деб ўйлади у. – Жанжал чиқмай қўя қолсин деб тамом бўлдим...»
Очил яна бир нарсани эслади. Баҳорда мана шу Ҳайдар ака туристик йўлланма билан Ҳиндистонга борадиган бўлиб қолди. Ўшанда Очил ярим ҳазил-ярим чин қилиб «Келинойимни ташлаб бир ўзингиз борсангиз хафа бўлмайдиларми», деганида Ҳайдар ака ҳайрон бўлган эди. «Нега хафа бўлсин, мен ўйнаб келсам, хурсанд бўлмайдими?» деган эди.
«Шунақа хотинлар ҳам бор», деб ўйлади Очил уф тортиб. Унинг юраги тағин санчди. Кейинги пайтларда тез-тез шунақа санчадиган бўп қолди. У кўксини чангаллаганча, йўлакка чиқди. Чироқ ўчган. Лола негадир телевизорнинг шундоқ тагига ўрин солиб, Умидни қучоқлаганча ётиб олган эди. Очил эшикни оҳиста очиб зинага чиқди. Ундан кўчага йўл олди. Қўшни уйларда чироқлар чарақлаб турар, боғча ўртасидаги айвонча олдида қўни-қўшнилар нарда ўйнаб ўтиришарди. Очил биров кўриб, сирини билиб қоладигандек шошилиб нари кетди. Кўчанинг нариги юзига ўтди. Бекат ёнидаги уйнинг биринчи қаватидан музика садоси эшитилиб турар, бир тўда ёш-яланглар рақс тушишарди. Очил беихтиёр бир зум қараб қолди. Йигит-қизлар бир-бирига яқинлашиб, узоқлашиб сакраб-сакраб рақс тушишарди. Бунақа рақсни Очил илгари ҳам кўрган, лекин унга ёқмаган эди. Ҳозир бўлса, негадир ёшларнинг ҳаракати жуда чиройли кўринди. Тўғри-да, ёш бўлгандан кейин нима учун ўйнаб-кулмаслик керак, нима учун дам олмаслик керак? У эллик қадамча юрган эди, кўчани тўлдириб келаётган бир тўда улфатлар унинг ёнидан ўтди. Мўйловли бир киши гармон чалар, кексаю ёш, эркак-аёл ҳаммаси бараварига ашула айтишар, уларнинг хушчақчақ қўшиғи тун сукунати чўка бошлаган кўчага жон бағишлаб, олисларга таралар эди.
«Одамлар мана бундоқ яшайди, – деб ўйлади Очил маъюслик билан. – Шуларнинг ташвиши йўқмикин? ўзига яраша каттами-кичикми ғами йўқмикин? Арзимаган нарса деб бир-бирини еб қўйгудек бўлишмаса керак». Шуни ўйладию, Лола кўзига жуда хунук кўриниб кетди. Нима қилсин? Ажрашиб қўя қолсинми? Бу фикр унинг хаёлига энди келаётгани йўқ. Кейинги пайтларда хотини ҳадеб жанжаллашавериб жонидан тўйдириб юборганида, кўнглининг бир чеккасидан шу хаёл лип этиб ўтар, аммо Умидни ўйлаши билан ўзининг худбинлигидан нафратланиб кетарди. Ҳозир ҳам кўнглига келган хаёлни шошилиб қувди. «Йўқ, йўқ, номардлик бўлади!» Қизиқ, бояги ёшларнинг рақси, бояги хушчақчақ одамларнинг қўшиғи унинг кўнглидаги ғашликни ҳайдагандек бўлди. У анча енгил тортиб, уйига қайтиб кирди. Сервант устида турган қўл радиони олиб, олис-олислардан келаётган нафис, кўнгилга яқин ҳинд куйи янгради. Очил бармоқларини чалкаштириб, боши тагига қўйганча шифтга тикилиб ётди.
Тўй қилмасларидан олдин икковлари тез-тез кинога тушишар, Лола айниқса, ҳинд фильмларини яхши кўрарди. Ҳозир Очил ўша самимий, эрка дамларни эслаб, хаёлан жилмайди. «Ўзинг ҳам майдакаш одам бўп қопсан, – деб ўйлади ўзини сўкиб. – Ожиз одам айбни бошқалардан қидиради. Лолага нима каромат кўрсатдинг ўзинг? Тўйни-ку амаллаб қарз-ҳавола қилиб ўтказдинг. Осмондаги ойни узиб бердингми, саёҳатга обчиқдингми? Ёш бўлганидан кейин чиройли кийингиси келади-да, нима қилсин!»
Бир оздан кейин нариги уйдан Умиднинг йиғлагани эшитилди. Зум ўтмай эшик шиддат билан очилди-да, ғира-ширада ич кўйлакдаги Лоланинг сочлари тўзғиган боши кўринди.
– Ўчиринг, анави мутил-мутилингизни! – деди бақириб.
Беихтиёр радиони ўчирди. Лола эшикни очиқ қолдириб нари кетди. Ўша ёқдан унинг асабий чинқиргани эшитилди:
– Тағин қанақа «костюмчик?»
– Айтганим билан қўлингиздан нима келарди! – Лола «сенга гапирдим нимаю, гапирмадим нима» дегандек кескин бурилиб, нариги хонага кириб кетди.
Очил уф тортди. Бу қандоқ гап? Қачон кийимга тўяди бу хотин! Шунча латта-путтаси бўла туриб, яна хархаша қилиб ўтирибди. Ҳар гал ойлик олган куни уйда тўполон бошланади. Лола унинг маош олиб келишини кутмасдан бирон нарса олиб қўйган бўлади.
Очил наридан-бери қўлини ювиб чиқди-да, бориб стол олдига ўтирди. Стол устида бояги пуллар ҳамон сочилиб ётарди. Очил пулларни йиғди, тахлади, четга суриб қўйди. У бугун мажлисга тайёрланиб тушлик ҳам қилолмаган, пешинда иккита парамач еб олган эди. Ҳозир қаттиқ толиққанини, қорни очганини сезди.
– Овқатингни олиб кел, – деди бўғиқ овоз билан.
Ичкаридан Лоланинг асабий товуши эшитилди:
– Қозонда турибди, ўзингиз сузиб ола қолинг.
– Қанақа овқат? – деди Очил ўрнидан туриб.
– Нон қовурдоқ.
Очилнинг қони қайнаб кетди.
– Бу қанақа гап! – деди бақириб. – Бир кун нон қовурдоқ, бир кун макарон қовурдоқ! Дурустроқ овқат қилиш ҳам қўлингдан келадими-йўқми?
Лола худди шуни кутиб тургандек югуриб унинг олдига чиқди. У сочини ҳамон турмакламаган, елкаси билан битта бўлиб ёйилиб ётарди.
– Аввал буёғини қойил қилиб қўйинг! – деди ўйиб оладиган оҳангда. – Қайси қоплаб тираб қўйган нарсангизга овқат пиширай? Одам фақат ейиш учун яшамайди! – Унинг чиройли лаблари бурилиб, овози титраб кетди. – Дунёга келиб нима кўрдим? Одамларни эри бриллиантга белаб қўйибди! Туғилган кунида шубалар совға қиляпти. Хумайрадан нимам кам?
– Хумайрадан сенинг каминг йўқ. – Очил ҳазил билан қутулмоқчи бўлди. – Фақат унинг эри билан менинг фарқим бор. Унинг эри чайқовчи.
– Чайқовчимас, тадбиркор! – деди Лола унинг гапини бўлиб.
– Нима фарқи бор, – Очил тағин ҳазилга олди. – Аввал чайқовчи эди, энди «тадбиркор» бўлиб олди.
– Чайқовчими, тадбиркорми, баломи-баттарми, хотинини қўғирчоқдек ясатиб қўйибдими, бўпти-да! – Энди Лоланинг овозида ранжиш эмас, ғазаб бор эди. – Бировни маломат қилишдан олдин ўзингизни эплаб олинг, «бойвачча»!
– Қани айт, – деди Очил бўғилиб. – Нима қилай? Ўғирлик қилайми, бозорга чиқиб мардикорлик қилайми?
– Қилинг! – Лола киприкларини пирпиратиб чақчайди. – Қилинг, кучингиз етса! Сизнинг бир ойлик маошингизни мардикор бир кунда топади. Сизники йўлкирангиз билан «обедингиз»дан ортмайди!
Лола яхши мерганлардек эрининг юрагига найза санчишга уста эди. Ҳозир ҳам мўлжалга бехато урди. Очилнинг бошига қон гупиллаб урилди. Тегиб олгунча йўлига кўз тиккан, боғнинг қоронғи бурчакларида унинг қошини силаб, «қошингиз бунча қуюқ», сочини сийпалаб, «сочингиз мунча қайсар» деб эркалаган қиз шумиди!
Очил шиддат билан бошини кўтарди. Мушти бир тугилди-ю, шайтонга ҳай берди. Имиллаб бориб телевизорни қўйди. Бугун футбол борлиги эсига тушиб, кўнглининг бир чеккасида таскинга ўхшаш туйғу пайдо бўлди. Ҳали экран ёришмасданоқ шарҳловчининг таниш, янгроқ овози эшитилди. Очил қайтиб келиб стулга ўтирган эди, экранда яшил майдон, гувиллаб шовқин солаётган одамлар кўринди. Бугун халқаро ўйин бўлаётгани учун диктор, айниқса, тантанавор овозда гапирар, стадион ҳаяжонли шовқинга тўлган эди. Энди Очилнинг иштаҳаси инига кириб кетганди. Шунинг учун стул суянчиғига елкасини ташлади-да, бемалол томоша қила бошлади.
Лола бир эрига, бир телевизорга қараб қўйди-да, зипиллаб телевизор олдига борди. Тугмачани босиб, бошқа каналга олди. Қўлтиқ тагига сепилса, ҳидини йўқотадиган аллақандай «сеҳрли» дезодорант реклама қилинаётган экан.
– Мен футбол кўрмоқчиман, инсон! – деди Очил бақириб.
– Лаббай? – Лола истеҳзоли табассум ҳадя этди. – Мен реклама кўрмоқчиман. Қаранг, сизга тегишли дезодорант шекилли...
Очил яна бирпас турса хотинини бир бало қилиб қўйиши мумкинлигини билиб нариги уйга кириб кетди. Диванга ўзини ташлаганча шифтга тикилиб узоқ ётди. Бу қанақа турмуш, деб ўйлади ғижиниб. На ишда ҳаловати бор, на уйда. Лола авваллари ҳам шунақамиди ёки бунақа одати кейин чиқдими, ҳалиям яхши билмайди. Беш-олти ой иноқ яшашди. Кейин майда-чуйда жанжаллар кўпая бошлади. У Лоланинг бунчалик латтапарастлигини билмаган экан.
Қачон, қачон шунча пул берганди у онасига?! Бу қандоқ жазо! Бу қандоқ бедодлик! Шу кунидан кўра онаси эмас, ўзи ўлгани яхши эмасмиди!!! Онаси бир сўмлаб йиққан пенсия пулини ҳам Искандарим берди деган. Шу гапга ўзиям ишонган, бошқаларниям ишонтирган. Қани энди кўкрагини йиртса-ю, юрагини суғуриб олиб ерга улоқтирса!
Ич-ичидан отилиб келган бўғиқ йиғидан титраб, пулни ташлаб юборди. Майда-йирик пуллар паришон пирпираб кавшандозга тушди.
...Искандар ҳовлига, ундан йўлакка отилди. Узун атлас лозим кийган қандайдир келинчак тор йўлакка «шакароб» қилиб сув сепар, сачрамаслик учун қўлидаги пақирни борган сайин пастроққа эгар эди. Очиқ дарвозадан забардаст йигит кириб келди. Искандар унинг афтини кўрмади. Йигит майкачан елкасига йўл-йўл дастурхон ташлаб олган, елкаси аралаш гарданига ортилган бир қоп ун залвари остида икки букилиб келарди. Искандар бир томонга, сув сепаётган келинчак бир томонга четлаб йўл беришди. Йигит яланг оёқларини гурс-гурс босганча Искандарнинг олдидан ўтиб ҳовлига кириб кетди.
Искандар дарвозадан чиқди-ю, тўхтаб қолди. Эшик олдига тумонат одам тўпланган, тор кўчага машина сиғмай кетганди. Қизиқ, қаёқдан келди шунча машина! «Ишхонадан бўлса керак», деган ўй хаёлидан лип этиб ўтди. Аммо ўша ондаёқ булар бошқа машиналар эканини, ишхонадан фақат ўзининг машинаси бир чеккада турганини пайқади.
Нарироқда юк машинаси турибди. Машина устида¬ икки ўспирин туриб олиб, йиғма столларни, харракларни узатиб беряпти. Пастда эса тўрт йигит столларни пайдарпай туширишиб, бир чеккага олиб қўишяпти.
Искандар тут панасида турган тобутни кўриб, кўнгли бузилиб кетди. Тобутдан берироқда, ҳозиргина машинадан туширилган харракларда салла ўраган, яктак кийган чоллар ўтиришибди.
– Бандалик-да, укам!
Искандар ёнида турган маҳалла оқсоқоли Шокир акага маъносиз қараб қўйди.
– Ҳамманинг бошида бор – Оқсоқол хўрсинди. – Онамиз бошқача эдилар-да, жаннати хотин эдилар.
Кейин оқсоқолнинг похол шляпа кийган «зами» Искандарнинг қўлини қисди.
– Неча ёшда эдилар? – деди секин.
«Бунинг нима аҳамияти бор?! – Искандар шуни ўйлади-ю, дафъатан хаёлига бошқа фикр келди. – Дарвоқе, неча ёшда эди онаси! Ҳа, ўн саккизинчи йил эди. ўзи қирқ иккинчи йилда туғилган бўлса, демак, онаси йигирма тўрт ёшда бева қолган экан».
Ўзини қучоқлаган тўнли кишини Искандар дафъатан таний олмади. Кейин билди: қайнотаси Зариф Ҳодиевич унинг пешонасидан оҳиста ўпди.
– Бардам бўлинг, ўғлим, – деди секин. – Ота-она ўлмоғи мерос...
Кейин кимдир елкасига туртди. Қараса Холмат ака.
– Бу ёққа юр, – деди-ю, уни йўлакка бошлаб кирди. Девор тагидаги курсида ётган тўнни кийгизди. Белига белбоғ ўради. Қати бузилмаган дўппи узатди. – Кийиб ол!
Дўппи кичкина экан. Искандар кафти билан босиб-босиб ташқарига йўналаркан, Холмат ака яна пичирлади:
– Лайлактепага олиб борамиз-да, а! Ўзлари айтган эканлар.
Искандар юк машинаси фақат стол-стулни олиб келишга мўлжалланмаганини тушунди. Лайлактепа олис, тўрт чақирим келади. Оёғи остида ўралашаётган ўн-ўн икки яшар болакайлар ҳам тўн кийиб, белини боғлаб олганига аввал ҳайрон қолди-ю, кейин тушунгандай бўлди. Эҳтимол, Холмат аканинг болаларидир, эҳтимол, қўшни болалардир...
...Олд томонига паранжи, орқасига мурсак ёпилган тобутни олиб чиқишганида ҳамма ёқ дилни ўртовчи фарёдга тўлиб кетди. Келинойи, Баҳри хола, Муаттар хола аллақандай қизлар, келинлар чуввос солиб тобут кетидан югуришди.
– Вой, онам!
– Рўшнолик кўрмаган онам! – Тўн кийиб, белбоғ бойлаган болакайлар дув-дув ёш оқизиб: «Бувижоним, бувижоним!» – деб чириллашар эди. Холмат аканинг мўйлови ҳўл бўлиб кетган, нуқул титрарди.
– Ҳаммамизнинг онамиз эдингиз-а!
Йўқ. Искандар ўйлагандек машинага ортишмади. Елкада кўтарганча йўлга тушишди. Искандар тобут бандидан ушлаб олти-етти қадам юрган эди уни сиқиб чиқаришди. У тобут бандига ҳадеб қўл чўзар, аммо навбат тегмас эди. Таниш-нотаниш одамлар гоҳ олдинга, гоҳ орқага ўтиб талашиб-тортишиб тобутга ёпишар, ҳар ким иложи борича кўпроқ кўтаришга, елкасини узоқроқ тутиб беришга ҳаракат қиларди.
Бекатга чиқишганда троллейбус келиб қолди. Тўхташи билан дув этиб ўттизтача эркак тушди-ю, тобутга ёпишди.
– Ким? – деб сўради зиёлинамо кўзойнакли йигит Искандарнинг ёнида кўз ёшини тўнининг енгига артиб-артиб кетаётган Холмат акадан.
– Отинойим!
– Ие! – Кўзойнакли йигит ранги ўчганча тобутга қайтадан тирмашди.
Энди катта кўча одамга тўлиб кетган, орқада троллейбус тўхтаб қолган, рўпарадан келаётган енгил машиналар чеккага чиқиб тўхтар, ҳайдовчи ҳам, йўловчилар ҳам шу томонга югуришар эди.
– Ким?
– Отинойим!
– Ие!
Кўчада ҳаракат бутунлай тўхтаб қолди. Бурилишга етганларида Искандар беихтиёр орқасига қаради. Одамлар оқими икки бекат орасига чўзилиб, бутун кўчани тўлдириб келар, тобут уларнинг елкасида осойишта тебраниб борар, оқимга эса янгидан-янги одамлар келиб қўшилар, қўшилар, қўшилар эди...
Ўткир Хошимов
У онасининг нонни арта-арта жойига илиб қўйганини кўрган. Михдан ҳадеб олиб қўйилавергани учун тешиги кенгайиб кетган. Аммо нон ҳамон турибди. Моғор босмаган, қип-қизил...
Бир маҳал у кимдир оҳиста туртганини идрок этиб, елкаси оша бурилиб қаради. Таниди: Баҳри хола. Кўк рўмол танғиб, кўк кўйлак кийиб олибди. Йиғлайвериб шишиб кетибди.
– Бандалик-да, болам. – деди у минғирлаб. – Оллоҳнинг иродаси, жон болам! Ювғувчи келди... – Шундай деди-ю, пиқиллаб йиғлаганча кўк рўмолини юзига босди.
Искандар чиқиб кетиши кераклигини тушунди. Остонага борганида тўхтаб қолди. Онасига термилди. Онаси қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётар, гўё ухлаётгандек, ҳозир ўрнидан туриб, уни бағрига босадигандек, икки кафти билан икки юзидан ушлаб, пешонасидан ўпадигандек эди. У доим шундай қиларди. Шу уйда, шу каравотда онаси уни бағрига босиб ухлатган. Эрталаб пешонасини силаб уйғотган.
...Эсида, ўшанда Искандар биринчи синфда ўқирди. ўрик гуллаган кун эди. Мактабдан иситмалаб келди. Онаси минг зўрламасин, бир пиёла чой ичди-ю, худди мана шу каравотга чўзилди. Уйда хотинлар кўп эди. У иситма аралаш Баҳри холанинг димоғи билан минғирлаб айтаётган гапларини эшитиб ётарди.
«Энди, овсинмошша, Худодан ҳам, бандасидан ҳам қарзингиз қолмади. Уруш битти. Келганлар келди. ўлганларнинг жойи жаннатда бўлсин. Ёш умрингизни хазон қилманг. Болагаям ота керак, ўргилай. Сизга оғиз солаётганлар таг зоти кўрган одамлар...»
Искандар онасининг жавобини эшитмади. Ухлаб қолдими, ҳушидан кетдими, ўзи билмасди. Умуман, бу гапларнинг маъносини тушунмасди. Фақат эртасига онаси куйиб-ёниб айтган сўзлар қулоғига ўрнашиб қолди.
«Иккинчи унақа гапларни гапирманглар! Худонинг қаҳри келди. Боламга қизамиқ тошиб кетди. Дадаси омон бўлса келар, келмаса пешонамдан кўрдим. Ёлғиз эмасман, шукр, олдимда болам бор...»
– Искандаржон, жон болам, – Баҳри хола унинг елкасига қоқди. – Чиқа қолинг, қоқиндиқ.
Искандар (у энди Искандар Ваҳобович эмас, Искандар, оддий Искандар бўлиб қолганди, негаки, ўлим ҳаммани баравар қилиб қўяди) вазмин қадамлар билан салқин даҳлизга чиқди.
Пешайвон устунидаги михларга онасининг бутун «бисоти» илиб қўйилибди: битта янги, иккита эски кўйлак, унниқиб кетган бахмал нимча, бир бурчи тешилган жун рўмол, ҳали тикилмаган бир кийимлик штапель, шол дастурхон...
Кавшандозда онасининг кавуши турибди. Қизиқ, бу кавушни Искандар уч йил илгари олиб берган эди. Нега яп-янги турибди?
Холмат аканинг хотини — келинойи йиғидан қи¬зар¬ган кўзлари билан унга термилди. Искандар кавушга тикилиб турганини сезди шекилли, тушунтирди:
– Аяб юрардилар. Тўйга борсалар ёнбошларига кўрпачанинг тагига беркитиб ўтирардилар. Искандарим оберган, деб мақтанардилар.
Искандар ҳамон кавушдан кўз узмасди. Келино¬йининг саволини дафъатан яхши эшитмади.
– Нима қилайлик, маставами, шўрвами?
Искандар ҳеч нимага тушунмади.
– Нима? – деди гарангсиб.
– Ҳали-замон уйни одам босади. Иссиқ овқат қилиш керак. – Келинойи куйманиб тушунтирди. – ўлик чиққан уйда қозон қайнатиб бўлмайди. Бизникида қиламиз. Сўрамасам ҳам бўларди-ку, сиз — ўзимизникисиз, укам.
Искандарни келинойининг саволи эмас, ўзини ўртаётган муаммо қийнар эди.
– Нима бўлди? – деди инграб. – Ойим соппа-соғ эдилар-ку!
Келинойи ўпкаси тўлиб хўрсинди.
– Туппа-тузук эдилар, – деди бурнини тортиб. –¬ Эрталаб ўйнаб-кулиб ўтирдилар. ўлимликларини кўрсатдилар. Ҳазиллашдик. Мен айтдим: «Ўлимни ўйламанг. Ақининг тўйини... – Келинойи ҳиқиллаб қолди. – Ақиданинг тўйини ўзингиз бош бўлиб ўтказасиз», дедим. Хўп, дедилар. Кейин бирдан, ғалати бўп кетяпман, дедилар. Каравотга ётқизган эдик...
Искандар кавшандозга ўтирганча бошини чангаллади. Бу қандай гап! Бу қандоқ адолатсизлик! Нимага? Туппа-тузук юрган онаси нимага тўсатдан...
Келинойи ҳамон ҳиқиллаган кўйи унинг бошига эгилди.
– Шўрва қила қоламиз.
Ажаб, шу тобда таом ўтадими томоқдан! Дарвоқе, онаси шўрва пиширишга уста эди. Тўйда, маъракада хотинлар унинг овқатини мақташса қувониб кетарди. Айниқса, мохорани кўп қиларди. Бу таомни Искандар ҳам еган. Кўп еган! Онаси бева қолганидан кейин жамоат уни Отинойи қилди. У мактабда фаррош бўлиб ишлар, лекин уйда ҳам тинчи йўқ эди.
«Мана энди ҳаммаси тамом бўлди. Ҳаммаси». Искандар ҳовлида одамлар куймаланиб юрганини пайқар, аммо ҳеч нимани кўрмас эди.
Чеккиси келди. Шимининг чўнтагига қўл суқса сигарет йўқ. Ҳали ишхонада стол устида қолиб кетаверибди. У маъносиз нигоҳини рўпарасидаги бостирмага тикди. Лойсувоқ том юпқалашиб қолибди. Каталакдек деразанинг бир кўзи синган, ойналари хиралашиб кетган. Ажаб, охирги марта қачон келувди бу ҳовлига? Ҳа, байрам арафасида, еттинчи мартда келган эди. Тушлик танаффусидан фойдаланиб, бирров келди-ю кетди. Одатдагидек шошиб турарди. Кейин, Гуля меҳмон келади деб қўйган... Онасини тўртта чой, совун билан қутлади. Машина кутиб турганини баҳона қилиб туфлисини ҳам ечмади. Онаси шошиб қолди. Ялпиз сомса қилган экан. Мажбур қилиб шундан биттасини едирди. Искандар машинага ўтирганда ҳарсиллаб югуриб чиқди. Рўмоли қийшайиб, елкасига тушиб кетган қўлида эски газетага ўроғлиқ бир нима. «Ма, – деди машинанинг қия очиқ эшигидан узатиб. –¬ Гуландомниям оғзи тегсин». Искандар газета остидан иссиғи сезилиб турган сомсаларни машинанинг орқа ойнаси тагига ташлаб, эшикни ёпди... ўшанда онасини охирги марта кўраётганини билса эди! Бугун нечанчи ўзи? Ўн иккинчи июль. Бундан чиқди уч ойдан ошибди. Уч ой! Наҳотки, шунча вақт ичида бир соат вақт топа олмади? Топарди, хоҳласа, албатта топарди...
У аллаким ўзининг отини айтиб чақираётганини идрок этиб, бошини кўтарди. Қараса, жинси шим кийган талабанамо йигит елкасида картон кўтариб турибди. Искандар уни танимади. Талмовсираб қараган эди, йигит сўради:
– Қаёққа қўяй?
Искандар ҳеч нимага тушунмади. Юки оғирроқ бўлса керак, йигит қутини қўшқўллаб чираниб елкасидан олди-да, сўри бурчагига — сояга қўйди. Искандарнинг кўзи қутига ёпиштирилган конфет этикеткасига тушди. «Қорақум». Зум ўтмай бояги йигит тағин бир қути кўтариб келди. Униям сўри устига бояги қутининг ёнига қўйди.
– Майиз, – деди секин.
Шундагина Искандарнинг хаёлига келди: «Пулини бериш керак».
– Шошманг, – деди чўнтагини ковлаб. – Неча пул бўлади?
Йигит тўхтаб қолди. Ҳайрон бўлиб унга тикилди.
– Неча сўм? – деди Искандар овози хириллаб.
Йигит негадир ерга қаради.
– Отинойим... – Шундай деди-ю, у ёғини гапирмади. Кўзига шу қадар маъноли тикилиб қаради-ки, Искандар беихтиёр пулни қайтиб киссасига солди. Йигит оҳиста бурилди-да, индамай кетаверди. Қизиқ, нима демоқчи бўлди у! «Отинойим менинг ҳам онам эди, сен пасткаш ҳамма нарсани пулга чақасанми», дедими! Ким ўзи бу йигит? Нимага Искандар уни танимайди? Умуман ўзидан бошқа — Искандар Ваҳобовичдан бошқа кимни танийди?!
Бир маҳал у кавшандозда келинойи имлаб чақираётганини кўрди. Паранжили ювғувчи оқсоқланиб зинадан тушиб келарди. Келинойи ёшдан қизарган кўзларини Искандарга тикди.
– Отинойимнинг зиракларини ювғувчига бердик, – деди секин. – Ўзлари васият қилгандилар.
«Ювғувчи», яна «васият...» Бу сўзлар Искандарга хунук, совуқ эшитилар, гўё бу гаплар ҳаммаси ёлғондек, тушида бўлаётгандек эди. Ҳозир уйғониб кетади-ю, енгил тортади.
– Мана... Олиб қўйинг...
Искандар меровсираб келинойининг қўлига қаради. Икки лўппи чой. «Индийский».
– Иккитасини ювғувчига бердик. Рози бўлинг. – Келинойи титраётган лабини тишлади. – Тўртта эди. Саккизинчи мартда олиб келган экансиз. Отинойим... Отинойим... – Келинойи энтикиб қолди. – Баркаш орқасига беркитиб қўйган эдилар. Биров келса, Искандарим обкелган чойдан дамланг, дутор чалиб турган чойдан, дердилар. – Мен бошқа чой дамлардим. Бунисини Отинойим ҳар куни ҳидлаб-ҳидлаб баркаш орқасига бекитиб қўярдилар.
Искандар боши ғувиллаб бораётганини, ҳозир йиқилиб кетишини ҳис этиб турарди. Келинойи «дутор чалиб турган» ҳинд чойини пешайвон тахтасига қўйди. Бурнини торта-торта йиғлаганча кўйлагининг ёқасидан қўйнига қўл суқиб, эски газетага ўроғлиқ алланима чиқарди.
– Олиб қўйинг, – деди қоғозни назарда тутиб. – ўлимлигим деб, ёстиқларининг орасига тиқиб қўйган эдилар. Сиз ташлаб кетган экансиз. Ювғувчининг ҳақини бердим. Қолганини санаб олинг.
У югуриб қабулхонага чиқди. Машинка чиқилла¬таётган котибага буюрди:
– Диля! Тезроқ машина чақиринг! Падъездга!
...Оқ волга гавжум кўчалардан шиддат билан учиб борар, Искандар Ваҳобович орқа ўриндиқда ўтирганча юраги гурсиллаб бир саволни хаёлан қайтарарди. «Наҳотки!»
Машина чорраҳаларда ҳадеб тўхтар, у хаёлига келган даҳшатли ўйни ҳайдашга «тоблари қочгандир-да», деб ўзини юпатишга уринар, аммо ўша заҳоти бояги шафқатсиз савол яна вужудини тешиб ўтар эди. «Наҳотки!»
Машина чойхўрлар чақ-чақлашиб ўтирган гузар олдидан ўтаётганида у бир қадар таскин топгандек бўлди. «Хайрият, тинчлик экан». У билади. Худо кўрсатмасин, бирон кор-ҳол бўлса, чойхонада одам қолармиди? Аммо машина паст кўчага кириши биланоқ юраги музлаб кетди. Ана, ўша шифер томли пастак уй, ана икки туп тут, ранги унниқиб кетган катта дарвоза. Дарвоза олдида беш-олти эркак тўдалашиб туришибди. Аллақандай аёл тут тагини супуряпти.
«Наҳотки!» Бу савол унинг миясига чақмоқдай урилди-ю,¬ мажолсиз оёқларини аранг судраб машинадан тушди. Шу ондаёқ, Холмат ака югуриб келиб, уни қучоқлади.
– Онамиздан айрилиб қолдик-ку, укам! – У Искандар Ваҳобовични бағрига босганча бирдан ўкраб йиғлаб юборди.
– Айрилиб қолдик!
Искандар Ваҳобовичнинг кўз ўнги қоронғилашиб кетди. У карахт бўлиб қолган, Холмат аканинг елкаси муттасил силкинаётганини, мўйлови ўзининг юзига тегиб ғашини келтираётганини сезиб турар, аммо бошқа нарсани идрок этолмасди, хаёлида фақат бир фикр чарх урарди. «Ойим!». «Ойим!». У амаллаб Холмат аканинг қучоғидан чиқди-да, гандираклагудек бўлиб уй томон йўналди. Дарвоза олдида турган кишилар негадир унга тик қарамас, бири бошини хам қилиб турар, бири юзини ўгирганга ўхшарди. Бироқ ҳозир у бунга эътибор берадиган аҳволда эмасди.
Чайқалиб-чайқалиб ғиштин зиналардан чиқди-ю, салқин даҳлиздан ўтиб, уйга отилиб кирди. Қандайдир аёллар (Искандар қарамади) унга йўл бўшатишди.
Искандар ялтироқ қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётган онасини кўрди. Устига оқ чойшаб ёпиб қўйилган. Онаси қандайдир осойишта ётар, худди ухлаётганга ўхшарди. Искандар ҳозир «Ойи!» деб чақирса, уйғониб кетадигандек.
У шундай қилди. Каравот олдига, наматга тиз чўкканча илтижо қилди:
– Ойи! Ойи-и!
Йўқ, онаси кўзини очмади. Шунда у чойшабни очиб ташлади-ю, онасининг қўлини йиллар заҳматидан бармоқлари қинғир-қийшиқ бўлиб кетган қўлини чангаллаб ўпди. Қизиқ, онасининг қўли муздек эди!
– Ойи! Ойижо-он! – деди ҳайқириб. Кейинги сўзлар бўғзидан йиғи аралаш отилиб чиқди. – Ойи-и!
У кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетган лаблари билан онасининг қўлларини ўпа бошлади.
– Ойи, айтинг. Нима бўлди?
У чўккалаган кўйи тағин онасининг қўлларига ёпишди. Муздек, дағал қўлни юзига босиб, ўкраб юборди.
...Бу қўллар унинг бошини силаган, кўп силаган. Кўнгли ўксиганида, бетоб бўлганида, илк бор мактабга борганида, мактабни олтин медаль билан битирганида... Институтга кирганида, битирганида... Ниҳоят... уйланганида... Бу қўллар унинг бошини кўп силаган. ўзи-чи, ўзи онасининг бошини силаганми? Бирон марта, ақалли бирон марта силаганми?!
Юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан бу савол аъзойи баданини ўртаб юборди.
– Ойи-и-и-и! – деди инграб.
Бу қўллар уни йўргаклаган, унга кўкрак тутган, шамоллаганида баданига қўй ёғи сурган. Бу қўллар сигир соққан, таппи қилган, кир ювган, овқат пиширган, нон ёпган...
Нон! Онасининг назарида нондан табаррук нарса йўқ эди. Қўни-қўшниларнинг гўдак боласи йўлга кирса оёғи орасидан кулча юмалатиб, бошқа болаларга олиб қочтирарди. Никоҳ тўйидан аввал икки ёшнинг пок турмушидан нишона бўлсин деб нон ушатарди. Бостирмадаги тандирда кунора нон ёпарди. Зоғорами, арпа нонми, ишқилиб, нон-да. Тандир ёнида ўралашиб юрган Искандарга энг аввал пишган нонни юзига сув сепиб узиб берарди...
У ёш тўла кўзлари билан беихтиёр каравот устига, шифт томонга тикилди. Ана, ана ўша нон! «Чийлампа» қилиб сувалган шифт остида, девордаги михга илиғлиқ турибди. Бир чети тишланган. Ана, ўша тиш излари. Бу — дадаси тишлаган нон.