
Xurshid Abdurashid
БОЛАЛИК РЕСТОРАНИ
Ғаройиб ресторан.
Янги очилган,
Фараҳбахш бир ҳисни туйгани кирдим.
Одам гавжум эди емакхонада,
Мен ҳам бир чеккага бориб ўтирдим.
Мана, официант, чеҳраси таниш,
Гарчи биринчи бор кўришим уни.
Юзида сезилар озроқ ийманиш,
Ва чақнар ҳаётдан қувонч учқуни.
Ҳамсуҳбат излайсан ёқти дунёдан,
Кўнгил ёлғизликда ахтарар ҳамдам.
Атрофим қуршаган касларга боқдим,
Тайёр бўлгунича менинг буюртмам.
Воажаб, меҳмонлар... Бегона эмас,
Иссиқ кўринади кўзимга бари.
Улар ким?
Эслолмай, ўйландим бирпас,
Зўриқиб хотирам ҳужайралари.
Танидим... Онгимда ялт этди бирдан,
Олис болаликнинг ширин онлари.
Улар бир замонлар дўстларим эди,
Менинг болалигим қаҳрамонлари.
Шум бола шумлигин йўқотмиш, ажаб,
Замонга қувлигим ўтмай қолди, дер.
Кўрдим, қариётир самимият ҳам,
Шумлик шум боласиз юксалаётир.
Ҳошимжон уйланган, бола-чақали,
Аммо сўниб бўлган кўзидаги чўғ.
Ҳозир минолмасмиш сариқ девларни,
Ёнида сеҳрли қалпоқча ҳам йўқ.
Ойгул ва Бахтиёр меҳмондир бунда,
Гўзал қарибдилар: севгининг кучи.
Англадим, муҳаббат умрнинг файзи,
Севги – таянч нуқта яшамоқ учун.
Воажаб, ўтирар бир четда маъюс,
Озиб-тўзиб кетган ўша Мешполвон.
“Нафсимни ахийри мен енгдим” дейди,
“Нега сен енгилиб яшайсан, инсон?”
Чексиз ҳайратимни қила олмасман
Бирор жумла ила тўлиқ ифода.
Уларни китобга қайтаргим келди,
Улар чин қаҳрамон ўша дунёда.
“Ўйлабман, сиз шунда қолиб кетгансиз,
Китоблар ичида мангу ёш бўлиб.
Аммо улғайибсиз, бизлар қатори,
Бири бирингизга елкадош бўлиб.
Ўшанда китобнинг варақларидан,
Қалбимиз тўрига ораладингиз.
Энди етакласин сўз диёрига,
Бизнинг болаларни болаларингиз...”
👉
@xurshidabdurashid
Ҳеч қачон "Нега мен?" демайман...
Теннис бўйича Уимблдон турнирининг биринчи қора танли чемпиони Артур Аше ОИТС касалига чалинади. У узоқ вақт ўлим тўшагида қолади.
"Нега Худо бундай ёмон касаллик учун айнан сизни танлади?", деб сўради мухлисларидан бири ўлим билан курашаётган Ашедан.
Теннисчи Аше шундай жавоб берди: “Тасаввур қилинг, бутун дунёда 50 миллион бола теннис ўйнашга қизиқади. Улардан 5 миллиони теннис ўйнашни ўрганади, 500 минги профессионал теннисчига айланади, 50 минги мусобақаларга қатнашади, 5 минги катта турнирларга, 50 нафари Уимблдонга, 4 нафари ярим финалга, 2 нафари финалга чиқади. Мен илк бор Чемпионлик кубогини қўлимга олганимда Худодан “Нега мен?” деб сўраганманми? Мен ҳеч қачон сўрамаганман. Энди оғриқ ичида, қандай қилиб Худога: "Нега мен?", деб эътироз билдираман?"
👉
@xurshidabdurashid
Байрамингиз
муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!
Instagram'да ҳам қўллаб-қувватлаб турарсизлар, деган умиддаман.
https://www.instagram.com/reel/DVlsinVDFt4/?igsh=MWF1ZXZjMXNhcGp5
"Бутун мамлакат урушда Япониянинг ғалабасини тилаб, милитаризм васвасасига берилган пайтда мен бу хавфли касалликни ўзимга юқтирмаслик учун табиат ва инсон нафосати хусусидаги
"Гэндзи ҳақида эртак"
ни ўқиб, ёд олардим. Бу менинг урушга ва шовинизмга қарши исёним эди".
Ясунари Кавабата
👉
@xurshidabdurashid
АҚЛЛИ БАҲОР
Аввал бир уриниб кўрди, бўлмади,
Кейин бу ишини бажарди такрор.
Бизнинг кўчага ҳам барибир охир,
Кириб кела олди инжиқфеъл баҳор.
Аввал бодомларни уйғотиб кўрди,
Сўнг қитиқлаб қўйди қоқиўтларни.
Мен бугун баҳорни кўриб, қувондим,
У қалдирғоч бўлиб мени қутларди.
Шошилмай кезарди кўчаларни у,
Боғларга кирарди, юриб бирма-бир.
Баҳор – бу совиган қалбларга илинж,
Баҳор – бу ўриклар гуллаб қўйган сир.
У барибир келди. Гарчи бу ташриф
Холидир ҳар қандай расм-русумдан.
Биз уни соғиндик, биз уни кутдик.
Ҳа, баҳор ақлли. Буни тушунган.
👉🏻
@xurshidabdurashid
Хурмо экишни жорий қилган Ануш
Навоий ёзади:
“Минг йил дағи сурса эрди давронни Ануш,
Ҳам айлагуси эрди ажал жомини нўш”.
Ушбу байтда Навоий тилга олган Ануш образи диний-мифологик қаҳрамон бўлиб, у Шис пайғамбарнинг ўғлидир. Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Анушнинг валий зот бўлганини ёзади.
У хурмо дарахтини экиш, садақа бериш каби одатларни жорий қилган. Унинг даврида халқ фаровон яшаган. “Тарихи Жаъфарий” китобида Ануш даврида Сувод мулкида бир аждаҳо пайдо бўлиб, одамларга кўп зарар етказгани, шундан сўнг Ануш Одам Атодан мерос қолган ҳасса билан уни уриб ўлдиргани ёзилган. Уч юз олтмиш йил умр кўрган, дейилади.
👉
@xurshidabdurashid
Жеймс Мэтью Барри “Питер Пен”ни шифохонага ҳадя қилган
“Питер Пен”
асарининг муаллифи Жеймс Мэтью Барри бутун умри давомида Great Ormond Street шифохонасига меҳр қўйган. 1929 йилда шифохона раҳбарияти уни қўшимча бино қурилишини молиялаштиришга ёрдам берувчи қўмитага аъзо бўлишга таклиф қилади. Барри бу таклифни хушмуомалалик билан рад этиб, ёрдам беришнинг бошқа йўлини топиш нияти борлигини қўшимча қилади.
Орадан икки ой ўтгач, бошқарув кенгаши унинг нияти нақадар жиддий эканини англаб етади. Барри “Питер Пен” асарига бўлган барча ҳуқуқларни шифохонага ҳадя қилган эди. Мана, қарийб бир асрдирки, ушбу туҳфа шифохонанинг оғир касалликка чалинган болаларга ғамхўрлик кўрсатишини молиялаштиришга ёрдам бериб, уларнинг соғайиб, узоқ умр кечиришига ҳисса қўшиб келмоқда.
Суратда шифохонанинг рамзий Питер Пен ва Тинкербелл, яъни Дин-Дин ҳайкали.
👉
@xurshidabdurashid
#Tanishing: kitob sovg’asi
📚
📍
Бугун таниқли адиб Хуршид Абдурашиддан ажойиб совға — дастхатли китоб олдим.
✅
https://t.me/MuhammadaliAhmadUz
#Tanishing
: kitob sovg’asi
📚
📍
Бугун таниқли адиб Хуршид Абдурашиддан ажойиб совға — дастхатли китоб олдим.
✅
https://t.me/MuhammadaliAhmadUz