
Botirjon ERGASHEV | rasmiy
НОПОКЛАР
Пок санъатни булғаётган нопоклар,
Тарафингиз ҳис эмас, ҳирс тарафдир.
Шум нафсингиз фақат тубанлик хоҳлар,
Шарафсизлик сизлар учун шарафдир!
Мақсадингиз амалингиздан аён,
Исботи шу сиздаги бадниятнинг.
Ўзликка ҳам тупургансиз бегумон,
Қадри йўқдир сизларга қадриятнинг.
Юзингиздан сидирилган номус, ор,
Яшаяпсиз нурсиз афт-ангор билан.
Ўз халқингиз уялмоқдалар минг бор,
Юртдошмиз деб шундай шармисор билан.
Шармандалик сизлар учун оддий хол,
Уятсизлик сизга ҳар кунги байрам.
Миллат шаъни деса оласиз малол,
Хаё қилар сиздан бехаёлик ҳам.
Қилар ишни қилиб, бузмайсиз пинак,
Юзсизликда дарс берасиз шайтонга.
Нон юзини босган каби пўпанак,
Доғ бўляпсиз гўзал Ўзбекистонга.
@Botirjon_Ergashev
#Anons "Eslab-eslab" O‘tkazib yubormang! @Botirjon_Ergashev
Botirjon ERGASHEV | rasmiy
pinned a video
#Anons
"Eslab-eslab"
O‘tkazib yubormang!
@Botirjon_Ergashev
МАДАНИЯТ
Маданият энг ноёб маъдан,
Маданият асил гулбадан.
Унинг билан қадрлидир халқ,
Юксалгайдир у билан Ватан!
У бор инсон сайроқи булбул,
Кўнглининг ҳар ҳужайраси гул.
Унингсиз йўл – чувалган ипдай,
Усиз йўлнинг сўнгги таназзул.
Маданият энг гўзал зоҳир,
Маданият пок руҳга доҳил.
У покиза, у бемин уммон,
Эл ундаги дуру жавоҳир.
Удир асли Олий тарбия,
У қудратли, ёвқур армия!
У бўлмаса жоҳиллик ошар,
Усиз қалблар армонга уя!
Маданият мўътабар бурчдир,
Усиз барча юмушлар пучдир,
Улуғлайлик унинг номини,
Маданият ҳалоскор кучдир!
@Botirjon_Ergashev
ЎЗИНГГА ТОПШИРДИМ
Умидим топмасин ниҳоя,
Аллоҳим, менга Сен кифоя,
Ёмондан айлагин ҳимоя,
Яхшилар барчаси турар жим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Жим турмас ҳеч аҳли ёмонлар,
Гунгликдан омондир омонлар,
Ёр бўлмас сира ҳам ёронлар,
Дўстларим ҳолимдан кулар жим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Золимлар олимга қилар дўқ,
Моддият биринчи, илм йўқ,
Илмсизликдан ортиқ зулм йўқ,
Бу ҳолни айт, ислоҳ қилар ким,
Ўзимни Ўзингга топширдим?!
Гуручдан курмаклар кўпайди,
Аёллар – эрмаклар кўпайди,
Енгилтак эркаклар кўпайди,
Ҳаёсиз дунёда ҳаво дим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Атиги бир қадам бахт қадар,
Юрмайди, солмайди бир назар,
Эҳ, қанча фарзандлар оқпадар,
Оталар кўнглида дард лим-лим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Эзгулик эшиги қулф бўлди,
Юзаки яшамоқ урф бўлди,
Иффатлар ишратга зулф бўлди,
Онақалб оғрийди оҳ, сим-сим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Одамзот бир-бирин гўштин ер,
Инграйди, йиғлайди Она Ер,
“Боламас, балодир болам”, дер,
Заминга тўшамоқ бўлиб чим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
Низолар, зўрликлар, урушлар –
Шиори шу – “Қайта қуришлар”.
Ва яна Сендан юз буришлар,
Собирсан, ҳозирча Сен ҳам жим,
Ўзимни Ўзингга топширдим.
©
Ботиржон ЭРГАШЕВ
@Botirjon_Ergashev
#Sarkarda690
"SOHIBQIRON"
Ботиржон Эргашев шеъри
Нодир Умаров мусиқаси
Сардорбек Ғофурбеков ижроси
@Botirjon_Ergashev
@kontentmarkazi