
Allaev Uz
Энг муваффақиятли китобларимиздан бири, иқтисодиёт соҳасида ўқиш шарт бўлган Чарльз Уиланнинг "Яланғоч иқтисодиёт" китобига шартномани беш йилга узайтирдик. 2031 йилгача китобни Asaxiy да чоп этишда давом этамиз.
Асосни эсдан чиқармайлик:
- Ҳар қандай уруш ёмон.
- Суверен мамлакат ҳудудига бостириб кириш, ҳужум қилиш ёмон.
- Бошқа мамлакатнинг легитим ҳукуматини унинг яхши ёки ёмонлигидан қатъий назар ташқи аралашув билан алиштириш ёмон.
- Инсон ҳуқуқларига дахл қилиш, ўз халқини ёки ўзганинг халқини қириш ҳам ёмон.
- Ўзидан фарқли инсонлардан фақат фарқли бўлгани учун нафратланиш ёмон.
Булар асос, томонлар кимлигидан қатъий назар ўзгармайдиган асос.
TechCrunch нашри сўнгги етти ойда Uzum 53 фоизга ўсиб, компания қиймати 2.3 миллиард АҚШ долларига етганини айтмоқда. Экотизим фойдаланувчилари 20 миллионтадан ошган:
https://techcrunch.com/2026/03/10/uzbekistans-uzum-valuation-rises-1-5x-in-seven-months-to-2-3b/?utm_source=dlvr.it&utm_medium=twitter
Сўнгги пайтларда кузатаётган ва ўйлантириб қўйган бир тенденция ҳақида ўртоқлашмоқчиман.
Сунъий интеллект кундалик ишимизга чуқур кириб боргани сари, ундан фаол фойдаланаётган оддий мутахассислар ўз ишининг сифатини сезиларли даражада оширди. СИ имкониятларини ишга солиб, унумдорликни ошира олмаганларнинг ўрнини эса аллақачон СИнинг ўзи ёки ундан самарали фойдаланишни биладиган чаққонроқ кадрлар эгалламоқда. Бу бозорнинг табиий талаби ва буни тўғри қабул қиламиз. Бугун ҳатто клиникаларда врачлар яшириб бўлса-да, анализ натижаларини юклаб ChatGPT дан маслаҳат сўраб кўришмоқда. Қайсидир хатодан асраса, билими етишмаган одам учун фойдалидир.
Аммо мени хавотирга солаётган битта жиддий масала бор. Биз кучли мутахассисларда сифат янада ошишини кутган эдик, лекин айрим ҳолатларда аксинча, пасайиш кузатилмоқда.
Илгари ҳақиқий профессионаллар ўз ишида чуқур мулоҳаза, билим ва йиллар давомида тўпланган тажрибага таянар эди. Ақлий меҳнат талаб қиладиган бирор мураккаб вазифа устида соатлаб, ҳатто кунлаб бош қотирар, аммо якунда ҳақиқий мутахассисга хос, мукаммал ва ҳайратланарли ечим берар эди. Улар айнан шу хусусияти — чуқур фикрлаши ва меҳнаткашлиги билан қадрланган.
Ҳозир эса нима бўляпти? Улар ҳам кўп ишларни шунчаки тайёр промптлар орқали ҳал қилишга ўтиб олишди. AI га ҳаддан ташқари ишониб қолишяпти. Бир неча соатли машаққатли, аммо зўр натижа берадиган меҳнат ўрнини 3-4 дақиқалик, тузатишлар билан бор-йўғи 20-30 дақиқа вақт оладиган ечимлар эгалламоқда. Тўғри, бу натижа ҳам ёмон эмас, талабни қондиради, лекин унда ўша аввалги «юқори сифат» йўқ. Мутахассислар ўртамиёна, «бўлаверадиган» ҳолатга рози бўлишмоқда.
Энг ёмони, бундай ёндашув оқибатида мутахассис ўзини бозорда қадрли қилган асосий кўникмасини — мияни ишлатиб мураккаб ечимлар топиш қобилиятини аста-секин йўқотмоқда. Бирор мавзуни чуқур ўтириб ўрганиш, китоб ва дарс титиб кўникмасини ошириш ҳам шарт эмас. AI саволга хулосани ясаб беради, у орқали промпт ёзадиган даражада ўрганса бўлади. Қулайликка ўрганиб, AI соясида қолиб кетиш — профессионал инқирознинг бошланишидир. Технологиялар бизни кучайтириши керак, бизни ўрнимизга фикрлаши эмас.
Мутахассислар осонлик, қулайлик ва тез натижа учун ўзининг асосий устунлигидан воз кечаётгани хавотирли ҳолат.
Mfaktor да CEO Podcast да қатнашдим.
Мавзу тадбиркор ва менежерларга қизиқ бўлса керак, раҳбар ва тадбиркор сифатида тажрибаларимиз билан бўлишдим:
https://youtu.be/IKNc4O3fQqs?si=Vg5to93FI59i8Nbu
АҚШ доллари расмий курси 12 191,25 сўмгача (+15,72 ) кўтарилди.
#kurs
@allaevuzb
Яна бир янги ваҳима - "Учинчи жаҳон уруши бошланди"!
Эронга берилаётган зарбалар, Оятуллоҳ Хоманаийнинг ўлими ва Яқин Шарқдаги кескинлик қанчалик даҳшатли кўринмасин — бу Учинчи жаҳон уруши эмас.
Хўш, уруш "жаҳон уруши" мақомини олиши учун нималар керак ва нега бу ҳали жаҳон уруши эмас? (Жаҳон тарихи дарслигини эсланг. Адашмасам 10 синф)
Аввало, жаҳон урушида дунёнинг қудратли мамлакатлари бир-бирига қарши расман уруш очиши, улар атрофида бошқа қудратлар иттифоқлашиши керак (тарих дарслигида альянс деб ўқиган бўлсангиз керак). Ҳозирги кун контекстида, АҚШ, Европа, Хитой ва Россия шулардан бирига ўқ узуши ва кейин давлатлар атрофида дунё бўлиниши керак. Масалан, АҚШ ва Хитой бир бирига қарши ўқ очиши ва расман уруш эълон қилиши керак. Ҳозирча улар фақат сиёсий манфаатдан келиб чиқиб қайсидир томонларни қўллаб қувватлашмоқда. Прокси урушлар жаҳон уруши бўлолмайди.
Ундан сўнг, можаро фақат битта минтақада (масалан, Яқин Шарқда) эмас, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта қитъаларда ва океанларда (Европа, Осиё-Тинч океани, Атлантика) олиб борилиши зарур. Жаҳон уруши, локал эмас, глобал характерга эга бўлиши зарур.
Ундан ташқари, иштирокчи давлатларнинг бутун иқтисодиёти, заводлари ва аҳолиси фақат уруш учун ишлаш тизимига ўтиши керак. Бугунги глобал капитализм бундай тўлиқ сафарбарликни кўтара олмайди. Амалда, ҳозир ҳарбий харажатлар тарихда энг паст бўлган даврлардан бирида яшамоқдамиз. Агар, 2022 йил Путин дунё мувозанатини бузиб, урушни яна актуалликка қайтармаганда, катта эҳтимол билан харажатлар камайишда давом этарди.
Ҳозирги урушда йирик қудратлар бир-бир қарши ўқ узмади. Россия ва Хитой томошабин ролида. Энг муҳим фактор — АҚШнинг асосий глобал рақобатчилари бу урушга бевосита қўшилмаяпти. Хитой ўз иқтисодиётини ўйлаб, транзит ва савдо хавфсизлигидан хавотирда. Россия эса Украинадаги фронт билан банд. Улар Эронни қўллаб-қувватлаши, қурол сотиши ёки БМТда АҚШни қоралаши мумкин, лекин ҳеч бири Теҳрондаги режимни сақлаб қолиш учун ўз аскарларини Америка ракеталари остига ташламайди.
Яна жаҳон уруши бўлиши учун икки томоннинг кучи қарийб тенг бўлиши керак. Ҳозир эса биз дунёнинг биринчи рақамли ҳарбий қудрати (АҚШ ва иттифоқчилари) ва иқтисодий жиҳатдан мажруҳ, ичидан емирилган Эрон режими ўртасидаги тўқнашувни кўряпмиз. Бу глобал уруш эмас, балки минтақавий "тозалаш" амалиётидир.
Жанглар ва ракета зарбалари фақатгина Яқин Шарқ харитаси ичида ва атрофида (Исроил, Эрон, Яман, Ливан, БАА, Қувайт ва ҳоказо) айланмоқда. Воқеалар қанчалик фожиали бўлмасин, у геосиёсий жиҳатдан изоляция қилинган.
Бу Учинчи жаҳон уруши эмаслиги биз хотиржам ухлашимиз мумкин дегани эмас. Тўғри, ҳарбий ҳаракатлар минтақавий, лекин унинг иқтисодий оқибатлари глобалдир. Нефть нархларининг сакраши, Қизил денгиз ва Ҳурмуз бўғозидаги транзитнинг бўғилиши, таъминот занжирларининг узилиши — булар дунёнинг исталган нуқтасидаги, жумладан Ўзбекистондаги бизнесга ҳам, оддий истеъмолчининг чўнтагига ҳам тўғридан-тўғри урилади. Ундан ташқари Эронда эҳтимолий фуқаролик уруши (ички уруш) таъсири иқтисодий томондан ёмонроқ бўлиши мумкин.
Ҳозирги кунда, урушнинг номи эмас, унинг иқтисодиётимизга берадиган зарбаси муҳимроқдир.
Жаҳон урушлари қандай бошланишини мактабда тарихни ўқиган аксаримиз яхши биламиз. Ўқиганим фақат тестга керак бўлди десангиз адашгансиз))
Ижтимоий тармоқлар даврида урушнинг энг хунук трансформацияси — қонли фожиалар шунчаки контентга, навбатдаги интернет трендга айлангани бўлди. Урушга нисбатан ижтимоий қарашнинг ўзи ҳам бу тасирида ўзгармоқда.
Одамлар бу геосиёсий инқирозни худди "Реал" ва "Барселона" ўйинини кўргандек, лайк босиб экран қаршисига ўрнашиб олиб кузатмоқда. Кўпчиликка бу можароларнинг 50 йиллик тарихи, иқтисодий оқибатлари ёки диний ва сиёсий мураккаблиги умуман қизиқ эмас. Омма учун энг осони — битта томонни танлаш, профилига байроқ қўйиб олиш ва изоҳларда "рақиб жамоа" мухлислари билан виртуал жанг қилиш.
Бугун ракеталар учиши ва портлашлар фонида мусиқа қўйилган 15 сониялик "Reels"ларда гўёки компьютер ўйинидагидек тақдим этилмоқда. Уруш таҳлилини ҳайп ва фанатизм эгаллади. Одамлар реал инсонларнинг ўлими, юз минглаб қочқинлар ва вайрон бўлаётган тақдирларни шунчаки томошабин сифатида қабул қилмоқда. Ижтимоий тармоқ алгоритмлари эса бу қутбланишни ва нафратни янада кучайтиради — чунки айнан шу нарса энг кўп "просмотр" олиб келади. Фанатиклар Реал ёки Барсани қариндошидан кўпроқ ҳимоя қилгандек, трендда ўз томонини танлаб, уни ҳатто билмасдан ҳам ҳимоя қилаверади.
Асл фожиа шундаки, бу "ўйин"да фанатлар кутгандек кубок берилмайди, ютқазган томон эса кейинги мавсумгача дам олишга кетмайди.
Омма виртуал оламда кимгадир "мухлислик" қилиб, бир-бирини ҳақорат қилишда давом этади.
Геосиёсат — футбол ёки бокс эмас. Унда севимли жамоалар бўлмайди. Унда фақат қурбонлар ва совуқ манфаатлар бор.
Қулоғининг остида ҳеч қачон бомба портламан, умрида уруш кўрмаган Эшмат бўлса "Роналдо ёрворди, ҳали яна и***ади, давай Роналдо" деб мухлислигини қилаверади.