
MUHAMMAD YUSUF SHE'RLARI
* * *
Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ,
Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам.
Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ
Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам.
Оламни эркалаб, эрка сўз излаб,
Боламни эркалаб бир сўз айтмайман.
Мушукдай суйкалиб келса ҳам музлаб,
Бетидан бир ўпмай уйдан ҳайдайман.
Қалам ушладимми, демак – ўйин бас,
Яйраб очолмайди гул дудоғини.
Бундоқ юрак ютиб сўраша олмас,
Хонамда қолдирган қўғирчоғини.
Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун,
Билмам қандай ўй-у хаёл ичида.
Тузсиз шеърларим деб шириндан-ширин
Болаларим юрар оёқ учида...
Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб,
Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.
Шоҳ асар бўлса ҳам тупурдим ўша
Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга.
©
Муҳаммад Юсуф
https://t.me/MUHAMMAD_YUSUF_IJODI
ОДДИЙ МУАЛЛИМ
Қадри билинади энди менга гоҳ,
Оддий мактабимнинг ўша беҳашам,
Навоий-ку бизга устоздир бироқ,
Кимдир ўқитган-ку Алишерни ҳам,
Шундай буюк зотга ҳарф ўргатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Тупроқдай хокисор безовта жонлар,
Аммо қаноатда тоғдек улуғвор.
Ҳатто Темурдайин соҳибқиронлар,
Пирим деб этагин тутган зотлар бор.
Қайсар жаҳонгирга йўл кўрсатган ким,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Аяган ҳаётнинг санчиқларидан,
Йиқилса кўтарган тўсиқларидан,
Отадек эзилган ғуссага ботса,
Боладек қувонган ютуқларидан.
Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Йўқдан Берунийни бинолар қилган,
Ҳусайнни ибн Синолар қилган,
Машрабни машҳур-у дунёлар қилган.
Абдуллонинг тилин бурролар қилган,
Илон ўйнатгандек сўз ўйнатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Улфат кўп-у аммо бир дўсти ҳамроҳ —
Ҳалим тополмадим ундан ҳалимроқ.
Қанча устоз кўрдим, қанча олийгоҳ,
Олим тополмадим ундан олимроқ.
Бола юрагимда бебаҳо тилсим —
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
Юзга кираман мен Худо хоҳласа,
Эҳтимол юздан ҳам ўтарман бир кун.
Қайноқ қучоғида ҳурлар чорласа,
Ҳеч кимдан қарзим йўқ кетарман бир кун.
Бўлса ҳам, бир зотда бўлади қарзим,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!
©
Муҳаммад Юсуф
https://t.me/MUHAMMAD_YUSUF_IJODI
ОТАБЕК ҚЎШИҒИ
Сен Ширину мен ҳам Фарҳод эмасман,
Сен аччиғу мен ҳам наввот эмасман.
Зайнаб, Зайнаб, менга айтма зорингни,
Сен дилхуну мен ҳам дилшод эмасман…
Бошга неки тушса кўкдан атомиш,
Биз бир қафас аро гирён бир жуфт қуш.
Бир гўшада сен хомушсан, мен хомуш —
Сен вайрону мен ҳам обод эмасман.
Биз бир динда муридлар икки пирга,
Йўлатмасман сени мен билган сирга,
Биз на дўстмиз, биз на ғаним бир-бирга,
Сен жайрону мен хам сайёд эмасман.
Сенга қўйсин суймаганни суйишни,
Шундай яшаш айтгил, кўнглингга хушми?..
Сени қучиб, соғинаман Кумушни;
Жон омону ўзим ҳаёт эмасман.
Эй гул, суйиб не топдинг мен ёмондан,
Бекман, сенга ёр тилайман султондан,
Кўз узмасман мен Марғилон томондан,
Сенга кет ҳам, сенга қол ҳам демасман..
Сен Ширину мен ҳам Фарҳод эмасман,
Сен аччиғу мен хам наввот эмасман,
Зайнаб, Зайнаб, менга айтма зорингни,
Сен вайрону мен ҳам обод эмасман!
©
Муҳаммад Юсуф
https://t.me/MUHAMMAD_YUSUF_IJODI
❤️
❤️
❤️
❤️
❤️
❤️
❤️
👍
🤲
Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф фарзандлари бир даврада йиғилганда.
(Юқори қаторда, чапдан ўнгга: Муҳаммад Юсуф қизи Нозима, Абдулла Орипов қизи Рухсора.
Пастки қаторда, чапдан ўнгга: Эркин Воҳидов фарзандлари Фозила опа, Моҳира опа ва Хуршид ака)
t.me/MUHAMMAD_YUSUF_IJODI
ЁЛҒОНЧИ ЁР
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон,
Ёлғон йиғлаб, куйганларинг тугар қачон,
Қачон менга бир илтифот айлагайсан,
Қачон тугар ситамларинг карвон-карвон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон?..
Мажнун бўлдим саҳроларда бир соя йўқ,
Менга офтоб — қароқчидан ҳимоя йўқ.
Ўнгимда чўғ, сўлимда чўғ, кўнглимда чўғ.
Жоним сайёд қўлидаги жайрон-жайрон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон?..
Узун тунлар бекорга мен тўлғонмасман,
Паризодим, сени севдим, ҳеч тонмасман,
Минг бир кеча эртагинг айт — ишонмасман,
Ишонмай ҳам кўзимда ёш маржон-маржон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон?
Жаннат ишвасига учиб ким чопмаган,
Тақдир менинг пешонамга қил ёпмаган,
Ношуд қулман чаман кезиб гул топмаган,
Ўз ҳолимга энди ўзим ҳайрон-ҳайрон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон?..
Тушунмадим муҳаббатнинг шевасига,
Кўнгил бердим сендай қизнинг нимасига,
Нега миндим омонат ишқ кемасига,
Ўз умримни ўзим қилдим вайрон-вайрон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон!..
©
Муҳаммад Юсуф
https://t.me/MUHAMMAD_YUSUF_IJODI