
Nurulloh Muhammad Raufxon
Давлат порахўрларга қарши қаттиқ ва қақшатқич кураш очганга ўхшайди. Кунда-кунора битта амалдор катта пора билан қўлга олингани ҳақида хабарлар ўқияпмиз. Ишга жиддий киришилгани яхши, албатта.
Лекин битта нарса диққатимни чекди: нуқул туман ҳокимларининг ўринбосарлари пора олувчи бўлиб чиқяпти! Бошқа соҳа ташкилотлар раҳбарлари ё ходимлари қўлга тушса тушади, аммо гап ҳокимият соҳасига келганида фақат ҳоким ўринбосарлари...
Нимага?
Ҳайронман.
Бизда туман, вилоят ҳокимлари топ-тоза ишласа керак, деб ўйлаган тақдиримизда ҳам барибир битта савол кўнгилга келаверади — бу порахўр ўринбосарларни ким етиштирган, ким ишга олган ёки ишга қўйган?!.
Кеча -- ўктабирнинг 20-куни "Қамар" китоб дўконига ўқувчилар билан бўладиган учрашувга таклиф қилишди. "Замонавий ўзбек тили: ютуқ ва муаммолар" мавзусида суҳбат қурдик.
Ўзбек тили байрами барчамизга қутлуғ бўлсин! Оллоҳ таоло тилимиз бойлигини, ўзига хослигини, тароватини паноҳида асрасин! Қоғозда эмас, ҳақиқатда давлат тили мақомига юксалтсин!
Бирон нарса ҳақида ҳеч ким ҳеч кимга ваъда беришга мажбур эмас, аммо ўз ихтиёри билан ваъда бердими, уни бажаришга мажбур.
Эр кишига ярашиқли хулқ бу.
Шу кунларда қардош Озарбойжонда бўлаётган воқеалар, хусусан Озарбойжон ва Туркия орасида кечаётган тортишувлар жуда ёқимсиздир. Ишқилиб, турк давлатлари бирлашуви жараёнига салбий таъсир кўрсатмасин-да. Орқада душман (ёки душманлар) тургани аниқ.
Аммо бизга тушадигани душман фитнасига учмасликдир.
Эй Оллоҳ, Ўзинг ўртани тузат.
Болалигимда уйда Дажжол ҳақида гапиришса, оғзим очилиб эшитардим. "У шунақа хавфлики, кўчадан ўтиб қолса, одамлар уйидан чиқиб ўзидан ўзи эргашиб кетаверади", дейишса, "Одамлар ёмон нарсага қандай қилиб эргашади?" деб ҳайрон бўлардим. Ақлимга сиғдиролмасидим. "Мияси йўқми одамларнинг?" дердим.
Шу кунларда мамлакатимизда ўхшаш ҳодиса юз берди. Бизга етти ёт бегона қанақадир бир ижтимоий тармоқ фаоли юртимизга келган экан, минг-минглаб одам уйидан отилиб чиқиб, орқасидан гурас-гурас эргашиб юрибди!
Болалигимда эшитган у ривоятларга нафақат ишондим, нафақат ақлимга сиғди, балки кўзим билан кўрдим. Юрагида имони бўлмаса, одам бунақа пайтлари ўзини билмай қоларкан, мияси тақа-тақ тўхтаркан, бир зумда қўй каби, мол каби бўлиб қоларкан.
Оломон деб аталмиш бу хил мавжудотнинг Дажжол соясининг сояси бўлишга ҳам арзимайдиган оддий бир блогерга эргашиши шунчалик, бир куни Дажжолнинг нақ ўзи келса, албатта бундан минг-минг карра баттари бўлади-да! Тавба...
Ҳозиргина ажиб бир иш бўлди.
Ошхонамда бир тилик тарвуз егим келди. Одатдагидек, илк савоқ томонини кесдим. Сал кўпроқ олиб юборибман, гўшт қисми ҳам кесилиб кетди. Увол бўлмасин деб ўшани қириб еяётган эдим, аяси: "Ширинмикан?" деб сўради. "Билмадим, тагини еяпман, ёмон эмасга ўхшайди..." дедим. Шунда бирдан аллақаёқдан бир товуш келди:
""Ёқимли иштаҳа! Таги озгина қирмоқ бўлиб қип-қизил пишгани айниқса мазали бўлади", деди бир эркак киши уйғурча оҳангда, баланд товушда.
Олдинига товуш қаердан келганини билмай қолдик. Ошхонада аяси билан бирга ёлғиз эдик. У ҳам қўрқиб кетди. Кейин чўнтагимдан тилпонимни олиб қарасам, экранда мана шу ёзув турибди!
Дарров болаларимдан сўрадим. Қизим айтишича, бу тилпонимнинг "Gemini" исмли сунъий ақли эмиш. У бизнинг товушимизни эшитиб, жавоб қилибди!!!
Ё Оллоҳ! Сунъий ақл дегани жин билан бир хил экан-ку! Уйимгача кириб келдими энди?! Унақада шахсий ҳаёт деган тушунча ҳам моҳиятини йўқотибди-да. Энди тилпон олдида бирон гап айтиб ё бирон иш қилиб бўлмайдими?! Хавфли-ку!
Ўзбекистон туманимиз яхши ташаббус бошлабди. "Мурожаат Ўзбекистон тумани" номида тилгиром гуруҳ очиб, халқнинг додига қулоқ соляпти экан!
Бу ташаббус юқоридан тушганми ё қуйидан чиққанми, мамлакатдаги бошқа туманлар ҳам бу ишни жорий этганми-йўқми — билмайман, лекин камина бу янгиликни биринчи бўлиб Ўзбекистон туманида кўрдим. Энди бирон муаммога дуч келган аҳоли илгаридагидек беш-ўн чақирим йўл босиб, ташкилотма-ташкилот сарсон бўлиб юрмайди, муаммони шартта гуруҳ саҳифасига ёзади, мутасадди ташкилотларга шикоят ва фикр-мулоҳазаларни мунтазам кузатиб бориш топширилган бўлса керак, ўша заҳоти тегишли тармоқ вакили жавоб қилади.
Икки-уч кундан бери кузатиб келяпман: асосан чироқ, сув, вайфай, ахлат... масалалари кўтариляпти ва кўпи ўрнида ҳал этиляпти. Ҳарҳолда бу усул халқ қабулларидан ҳам кўра тез, самаралига ўхшаб қолди.
Айни чоқда, бу гуруҳ ёзишмаларидан мамлакатда аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган энг катта муаммо ҳали ҳам ЧИРОҚ ЎЧИШ масаласи бўлиб қолаётганини билса бўлади.
Афсус, ҳозирча гуруҳга 1500 (бир ярим минг) киши обуна бўлибди (янги очилган шекилли), аслида, бутун туман аҳли обуна бўлса арзийди.
1980 йил июлининг 10-куни дафтар четига ушбуларни ёзиб қўйган эканман. Ҳозир кўриб қолдим. Эсдалик учун бу ерга ҳам кўчирдим.
***
..."Жиноят ва жазо"ни яна бир марта ўқиб чиқдим. Уни ёзиб бўлгунича Федя (Фёдор Достоевский) жинни бўлиб қолмаганига ҳайронман.
Буюк ва сунъий...
Сунъий-да негадир. Лекин Достоевский шу сунъийликдан табиий мева етиштирган. Яхши!
Бироқ ҳаётга яқинлик (реализм) бобида у барибир Толстойдан бир поғона қуйи тураркан. Реализмнинг достоевскийчаси кўпроқ романтизм ва натурализмга яқинроқ оҳангда жаранглайди.
Менга-ку, аслида, ХVII аср сўнгларидан то XIX аср охиригача Ғарб ёзувчиларининг қаҳрамонлари жуда ортиқча гапдон, эзма, сафсатабоз бўлиб туюлади, ёқмайди унча. Гўё публисист-файласуфлардек..."
(80. VII. 10.даги хатдан)
***
Қаранг, орадан 46 йил ўтибди, лекин камина ҳамон ўша фикрдаман. Иккаласи солиштирилса, менга кўпроқ Толстой ёқади. Руҳи руҳимга яқин. Тоза.
Достоевскийда эса, қанақадир ғайриинсоний руҳ, ҳатто фашистлик аломатлари бор. Бекорга у Адўлф Ҳитлернинг энг севимли ёзувчиси бўлмаган дейман. Эсдаликларда келишича, Ҳитлернинг устоли устида доим Достоевскийнинг китоблари турган.
Кейинчалик хатларини ўқиганимда, Туркистон босқинчиси ва шафқатсиз қотили Искобил (Скобелев) Достоевскийнинг энг яқин дўсти бўлганини ва Искобил ҳали Булғористондалик пайти унга махсус хат ёзиб: "Ғарбни қўй, Шарққа қараб юр, Туркистонни босиб ол!" деб маслаҳат берганини, шунга шавқлантирганини ўқидим ва тамоман кўнглим қолди. Чиндан Достоевскийда ирқчилик, шовинистлик, фашистлик кайфияти борлигига иқрор бўлдим.